Ўзбекистон | 16:13 / 16.02.2026
2013
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида базалт маҳсулотларига йўл очилади

Янги қарор лойиҳасига кўра, 2026 йилдан маҳаллий ишлаб чиқарилган ва мувофиқлик сертификатига эга базалт маҳсулотларини давлат харидлари ва электрон кооперация тизимларида жойлаштиришга рухсат берилади. Бу тармоқ маҳсулотларининг ички бозордаги улушини ошириш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ўзбекистонда базалт саноатини ривожлантириш ва маҳсулотлар қўлланилишини кенгайтиришга қаратилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатга мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарилган базалт маҳсулотларини давлат харидлари тизимига кенг жалб этиш орқали тармоқни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш назарда тутилмоқда.

Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб электрон кооперация портали ҳамда давлат харидлари электрон тизимларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида мувофиқлик сертификатига эга бўлган базалт маҳсулотларини жойлаштириш ва савдоларда уларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишига рухсат берилади.

Айни пайтда, мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.

Қарор лойиҳаси базалт маҳсулотларининг қўлланиш соҳасини кенгайтириш билан бирга, тармоқда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, импорт ўрнини босиш ва ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ҳужжат доирасида базалт саноатини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар ҳам белгиланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид