Соғлом ҳаёт | 18:48 / 16.02.2026
1241
3 дақиқада ўқилади

Экран олдида узоқ вақт: кўз чарчоғини қандай енгиш мумкин?

Бутун дунё бўйлаб офис ходимлари ва талабалар орасида 70%дан ортиқ одамлар компьютер ҳамда смартфон экранлари олдида узоқ вақт ўтириш билан боғлиқ кўз, бош оғриғига дуч келади. Бу ҳолат “экран чарчоғи синдроми” (Digital Eye Strain) деб номланади. Ушбу мақолада синдром белгилари, унинг олдини олиш ва кўзлар саломатлигини сақлаш усуллари ҳақида сўз боради.

Экран чарчоғи синдроми нима ва у қандай намоён бўлади?

Ушбу синдром экран олдида узоқ вақт ишлашдан келиб чиқадиган белгилар йиғиндисидир. Касаллик ҳисобланмасада, у ҳаёт сифатига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Синдром қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:

  • кўзларда қуруқлик, ачишиш, қичишиш;
  • қовоқ остида қумга ўхшаш моддалар йиғилиши;
  • қизариш;
  • хира кўриш;
  • матнлар сузаётгандай туюлиши;
  • бош оғриғи ва диққатни жамлашда қийналиш.

Экран чарчоғи синдромини юзага келтирувчи қўшимча омиллар сифатида нотўғри ёки тасодифан созланган ёруғлик, доимий равишда яқин объектга қараш, хона ҳавосининг қуруқлиги ва мунтазам дам олиш имконияти йўқлигини келтириш мумкин.

Кўзларни қандай ҳимоялаш мумкин?

Экранни буткул ишлатмасликнинг имкони йўқ, айниқса, офис ходими ёки талаба бўлсангиз. Лекин кўз чарчоғини камайтиришнинг бир нечта самарали усуллари мавжуд:

  1. 20-20-20 қоидаси. Ҳар 20 дақиқада камида 20 секунд давомида тахминан 6 метр узоқликдаги объектга қаранг. Бу кўз мушаклари дам олишига ёрдам беради.
  2. Кўзлар милтиллашини бошқариш. Компьютерда ишлаганда кўз милтиллаши 2–3 марта камаяди. Бу кўз ён қобиғи узунлашишини келтириб чиқаради ва оқибатда кўзларда қуруқлик, қичишиш ҳамда чарчоқ ҳисси пайдо бўлади. Шунинг учун иш давомида кўзларингизни кўпроқ милтиллатишга эътибор беринг.
  3. Ўриндиқни тўғри жойлаштириш. Кўздан экрангача масофа 50–70 см атрофида бўлиши керак, монитор эса кўз даражасидан пастроқда туриши лозим. Ёруғликнинг бир хил тарқалганлигига диққат қилинг, у орқа томондан ёки юзингизга қараб тушмаслиги зарур.
  4. Дам олиш. Қисқа визуал дам олинг. Танаффус учун вақт ўлчагич (таймер)дан фойдаланинг.
  5. Танаффус вақтида гаджетларни ишлатмаслик. Ишдан кейин дарҳол телевизор кўриш ёки телефонда ўйин ўйнашдан тийилинг. Бунинг ўрнига сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш маъқул. Кўзлар саломатлиги учун узоқ жойларга қараш жуда ҳам муҳим.
  6. Сунъий кўз ёши чиқарувчи воситалар. Агар кўзларингизда қуруқлик сезилса, консервантсиз кўз томчиларини қўллашингиз мумкин. Бу, айниқса, кондиционерли муҳитда фойдали ҳисобланади. Мунтазам қўллашдан олдин тиббиёт мутахассиси билан маслаҳатлашиш тавсия қилинади.

Шифокорга мурожаат қилиш керакми?

Агар кун охирида кўриш қобилиятингиз сусайса, ҳарфлар бирлашиб кетиши кузатилса, кўзда бегона жисм бордек туюлса ва оғриқ ҳис қилсангиз, офтальмологга учрашиш зарур. Бу белгилар чарчоқдан ташқари бошқа кўриш муаммолари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Профилактик текширувлар бўйича илмий асосланган тавсияларга амал қилинг. Қўшимча чоралар, масалан, кўзойнак, контакт линзалар, томчилар томизиш ёки машқлар бажариш каби ҳар бир ҳолатда мутахассис билан маслаҳатлашиш лозим.

Фирдавс Эрматов

ЎзЖОКУ талабаси

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид