Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санъат мактабларига атоқли ижодкорлар номи берилади
Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ва мактаб-интернатларига санъат соҳасида алоҳида хизмат кўрсатган атоқли ижодкорлар номи берилади. Шунингдек, таълим муассасалари номлари давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилади.
Ўзбекистон президентининг 2025 йил 1 июлдаги «Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ санъат соҳасида алоҳида хизмат кўрсатган атоқли ижодкорлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ва мактаб-интернатларининг давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилган номлари ҳамда уларга берилган атоқли ижодкорлар номлари тегишли иловаларга мувофиқ тасдиқланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, иш юритиш материаллари, хариталар ва хизмат ёзишмаларида мазкур қарор билан тасдиқланган номлардан фойдаланиш белгиланади.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Бадиий академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уч ой муддатда қатор ташкилий чораларни амалга оширади. Жумладан, ўзгартирилган таълим муассасалари номларини давлат рўйхатидан ўтказиш, иш юритиш ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш, пешлавҳалар ва ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларни давлат тили меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштириш таъминланади.
Шунингдек, санъат мактаблари ва мактаб-интернатларда атоқли ижодкорлар ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган маърифий тадбирлар, кўргазмалар ва учрашувларни мунтазам ташкил этиш режалаштирилган.