Жаҳон | 22:46 / 17.02.2026
1716
5 дақиқада ўқилади

Эпштейн билан алоқалари учун карьераси барбод бўлган одамлар саналди

АҚШ Адлия вазирлиги Жеффри Эпштейн билан боғлиқ янги файлларни эълон қилганидан кейин камида 11 киши ўз лавозими ва жамиятдаги мавқеини йўқотди. Ушбу ҳисоб-китоблар Axios нашри томонидан келтирилган.

Фото: Getty images

Эпштейн ўзини «Давос консьержи» деб атаган ва нафақат бизнес ҳамжамияти вакиллари ва сиёсатчилар билан, балки юридик элита билан ҳам алоқада бўлган.

1875 йилда ташкил этилган Paul, Weiss, Rifkind, Wharton & Garrison (АҚШ) юридик фирмасини 2008 йилдан буён бошқариб келган Брэд Карп ўз лавозимини тарк этди. Файлларда унинг Эпштейнга юборган электрон хатлари топилди.

Goldman Sachs бош юрисконсульти Кэти Реммлер ҳам лавозимидан айрилди. Унинг Эпштейн билан электрон ёзишмалари уларнинг яқин муносабатларидан далолат бермоқда. Бундан ташқари, Барак Обама даврида Оқ уй жамоасида ишлаган Реммлер Эпштейнни жинсий жиноятларда айбланганида ҳимоя қилишга уринган.

2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари қўмитаси раҳбари Кейси Вассерман ўз лавозимини йўқотди. Унинг Эпштейн билан алоқаси ошкор бўлганидан сўнг, юқори мартабали мижозларнинг бир қисми унинг хизматларидан воз кечди ва Вассерманнинг ўзи Олимпия қўмитасидан кетди.

Axios томонидан тилга олинган бошқа иштирокчилар орасида узоқ умр кўриш ғоялари тарғиботчиси Питер Аттия ҳам бор. У Devid Protein компаниясининг катта илмий ходими лавозимини тарк этди ва энди Eight Sleep матрас ишлаб чиқарувчисининг маслаҳатчиси эмас. CBS News телеканали маълумотларига кўра, иккинчиси у билан эксперт сифатида ҳамкорликни сақлаб қолган.

New York Giants Миллий футбол лигаси (NFL) клуби президенти Стив Тиш тергов объектига айланди. NFL комиссари Рожер Гуделл ҳам хизмат текшируви унинг Эпштейн билан эҳтимолий алоқаларига тааллуқли эканини айтди.

АҚШ савдо вазири Ҳовард Лютник демократлар ва республикачиларнинг истеъфо ҳақидаги чақирувларига дуч келди, чунки янги файллар молиячи билан илгари тахмин қилинганидан кўра яқинроқ муносабатларни кўрсатди.

Оқибатлар Европадаги таниқли шахсларга ҳам таъсир кўрсатди. Буюк Британиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Питер Манделсон Лордлар палатасини тарк этди ва Лондон полицияси тергови иштирокчисига айланди. Axios маълумотларига кўра, унинг исми материалларда минглаб марта тилга олинган. АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг назорат қўмитасидаги демократлар ўз текширувлари доирасида ундан изоҳ сўради. Сентябрь ойида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Манделсонни истеъфога чиқарди.

Британия бош вазири девони раҳбари Морган Максуини ҳам истеъфога чиқди, у аввалроқ Манделсонни ўз лавозимига тайинлашни тавсия қилган эди.

Норвегиянинг собиқ бош вазири Турбёрн Ягланд коррупцияда айбланмоқда. Норвегия полицияси унинг мавқеи туфайли совғалар, қарзлар ёки пулли саёҳатлар олган-олмаганини текширмоқда. Ягланднинг ўзи қоидабузарликларни рад этмоқда.

Франциянинг собиқ маданият вазири Жак Ланг Париждаги Араб дунёси институти раҳбари лавозимини унинг Эпштейн билан молиявий алоқалари бўйича тергов фонида тарк этди. Текширув эҳтимолий солиқ фирибгарлигига оид.

Яқин Шарқда Султон Аҳмад бин Сулайм DP World логистика компанияси бош директори лавозимидан айрилди. Унинг исми Эпштейн билан ёзишмаларда пайдо бўлган.

Буюк Британия қироли Чарлз III 2025 йилда укаси Эндрюни Эпштейн билан алоқалари учун унвонларидан маҳрум қилди ва қароргоҳидан чиқариб юборди.

2008 йилда фоҳишаликни ташкил этишда айбини тан олган ва вояга етмаган қизни зўрлагани учун судланган Жеффри Эпштейн 2019 йил ёзида АҚШда қайта ҳибсга олинган ва қизлар, жумладан, 14 ёшли қизлар савдоси ва уларни фоҳишаликка жалб қилишда айбланган эди. Шу йилнинг август ойида 66 ёшли миллиардер қамоқхонада ўлик ҳолда топилди. Унинг жазмани ва шериги, Буюк Британия фуқароси Гислейн Максвелл жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосига ёрдам бергани учун 20 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

16 февраль куни АҚШ бош прокурори Пэм Бонди Эпштейн файлларида тилга олинган 300 нафар машҳур ва сиёсатчиларнинг рўйхатини эълон қилди. Улар орасида президент Доналд Трамп, собиқ президент Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишел Обама, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, актёр Билл Косби, актёр Роберт Де Ниро, собиқ президент Билл Клинтон ва унинг рафиқаси Ҳиллари Клинтон бор.

Шунингдек, ҳужжатларда Британия шаҳзодаси Гарри, режиссёр Вуди Аллен, собиқ вице-президент Камала Ҳаррис, Meta асосчиси Марк Цукерберг, хонанда Брюс Спрингстин, тадбиркор Илон Маск, Рим папаси Иоанн Павел II, сиёсатчи Нэнси Пелоси, Вакиллар палатасидаги озчилик етакчиси Ҳаким Жеффрис, ашулачи Боно, хонанда Бейонсе ва бошқалар бор.

Ушбу шахслар исми-шарифининг файлларда тилга олиниши ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатларни ёки ҳатто Эпштейн билан бевосита алоқани назарда тутмайди, деб тушунтирди The New York Post.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид