Жаҳон | 23:02 / 17.02.2026
1260
3 дақиқада ўқилади

АҚШ бир сутка ичида Яқин Шарққа 50 дан ортиқ қирувчи самолёт жўнатди

Америкалик амалдорнинг сўзларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Қўшма Штатлар юборган қирувчи самолётлар орасида F-35, F-22 ва F-16 бор. Шу билан бирга, Axios суҳбатдошининг айтишича, Женевадаги музокараларда АҚШ ва Эрон муваффақиятга эришган.

Фото: US Air Force

АҚШ сўнгги 24 соат ичида Яқин Шарққа 50 дан ортиқ F-35, F-22 ва F-16 қирувчи самолётларини ташлади. Бу ҳақда Axios АҚШ расмийлари орасидаги манбага ва очиқ манбалардан олинган маълумотларга таяниб ёзди.

17 февраль куни Женевада Америка-Эрон музокаралари раунди якунланди. Уммон ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, учрашув «умумий мақсадлар ва тегишли техник масалаларни аниқлашда сезиларли силжиш билан» якунланди.

Америкалик амалдорнинг Axios’га айтишича, томонлар тараққиётга эришган, аммо ҳали кўплаб тафсилотларни муҳокама қилиш керак. Эрон икки ҳафта ичида АҚШга батафсил таклиф билан чиқишга ваъда берди, деди нашр суҳбатдоши. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, томонлар эҳтимолий келишув лойиҳалари устида ишлаш, ишланмаларни алмашиш ва музокараларнинг кейинги босқичи санасини белгилашга келишиб олган.

The Wall Street Journal (WSJ) маълумотларига кўра, Эрон делегацияси АҚШ билан музокаралар чоғида уранни бойитишни тўхтатишга, ўз захираларининг бир қисмини бошқа давлатга (масалан, Россияга) ўтказишга ва Америка томони билан ишбилармонлик алоқаларини бошлашга тайёрлигини билдирган.

Сўнгги ойларда Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Эрондаги норозилик намойишларининг шафқатсизларча бостирилиши ва Вашингтоннинг Теҳроннинг ядровий кучайиши бўйича хавотирлари кучайиши фонида содир бўлди. АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон фуқароларини теократик режимга қарши курашишга чақирган ва намойишчиларга нисбатан шафқатсизлик кўрсатилса, Эронга зарба беришга ваъда берган эди.

Январь ойи охирида Трамп Эронга «Авраам Линколн» авиаташувчиси, кемалар ва қирувчи самолётлар бошчилигидаги «улкан армадани» юборганини маълум қилди. Кейинчалик WSJ яна бир авиаташувчи «Жорж Буш» Яқин Шарқда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш учун буйруқ олганини аниқлади. The New York Times газетасининг ёзишича, учинчи авиаташувчи «Жералд Форд» аллақачон Эрон томон йўналтирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид