17 феврал куни Женевада АҚШ ва Эрон вакиллари узоқ йиллардан бери давом этаётган ядровий можаро юзасидан билвосита музокараларни бошлади. Масаладан хабардор Reuters манбасига кўра, музокараларда АҚШ вакили Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер, шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи иштирок этади.

Музокараларга Ўмон воситачилик қилмоқда. Учрашув БМТдаги Ўмон элчиси қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Женевадаги музокараларда «билвосита» иштирок этишини ва Теҳрон келишувга эришишни истаётганига ишонишини айтганди. Лекин Трамп бу музокараларда иштироки қандай билвосита бўлишини очиқламади.

«Улар келишув қилмаслик оқибатларини истамайди деб ўйлайман. Уларнинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш учун B2 самолётларини юбориш ўрнига келишувга эришишимиз мумкин эди. Ва биз B2ʼларни юборишга мажбур бўлдик», деди Трамп душанба куни Air Force One бортида.

Женевадаги Ўмон элчиси қароргоҳи / Фото: Reuters

Эроннинг юқори мартабали расмийсига кўра, АҚШнинг санкцияларни бекор қилиш борасидаги жиддийлиги ва нореал талаблар қўймаслиги – Женевадаги самарали музокаралар учун ҳал қилувчи омилдир. Исми ошкор этилишини истамаган расмий Теҳрон музокараларга «самимий ва конструктив таклифлар» билан келаётганини билдирди.

Музокараларнинг асосий мақсади нима?

Теҳрон ва Вашингтон ўнлаб йиллик можароси бўйича музокараларни жорий йил 6 феврал куни яна тиклади.

АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроил – Эрон Исроил мавжудлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ядровий қурол яратишга интилмоқда деб ҳисоблайди. Эрон эса ядровий дастури мутлақо тинч мақсадларда эканини айтади. Аммо у уранни электр ишлаб чиқариш учун зарур даражадан анча юқори, бомба учун керакли даражага яқин даражада бойитгани айтилади.

Эрон «Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида»ги шартномага қўшилган. Бу келишув давлатларга атом қуролидан воз кечиш, БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги билан ҳамкорлик қилиш эвазига фуқаролик ядровий энергетикасини ривожлантириш ҳуқуқини кафолатлайди.

Аббос Арақчи ва MAGATE раҳбари Рафаэл Гросси / Фото: Reuters