Ўзбекистон | 18:10 / 18.02.2026
16033
2 дақиқада ўқилади

Нима учун Рамазон ойининг бошланиши айрим давлатларда фарқ қилмоқда?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Рамазон ойи нега айрим давлатларда 18 февралда, бошқаларида эса 19 февралда бошланаётганига доир саволга жавоб берди.

Фото: Kun.uz

«Саудия Арабистонида ҳилол кўрилгани айтилган бўлса-да, кўплаб давлатларда у кўринмаган. Бундай вазиятда биз қайси қарорга амал қилишимиз керак?» дейилади диний соҳа мутахассисларига юборилган саволда.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво маркази саволга қуйидагича жавоб берди:

«Ҳилол (янги ой) ернинг барча нуқталарида бир хил вақтда кўринмайди. Ҳилолнинг кўриниши, Қуёш билан бир чизиққа келгандан кейин ундан қанча узоқлашгани, уфқдаги баландлиги ва ҳаво шароитига боғлиқ. Ҳилол энг кўп Шимолий Америка тарафларда кўриниш эҳтимолига эга, энг кам эҳтимол эса Ер шарининг шарқий қисмида.

Шунинг учун аксар мамлакатларда 17 феврал кечаси ҳилол кўринмади ва Шаъбон 30 кунга тўлдирилиши тўғри бўлди. Саудиянинг “ҳилол кўринди”, деган хабарига биноан у ерда ва унга эргашган айрим мамлакатларда Рамазон эрта бошланди.

Бундай вазиятда энг тўғри йўл — ҳар бир юрт ўз муфтийсининг фатвосига амал қилишидир. Одамлар ўзаро тортишувни қўйиб, ўз юртида қабул қилинган қарорга бирлашса, доим яхшилик устида бўлади», дейилади Фатво марказининг жавобида.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони Олий суди сешанба куни – 18 феврални Рамазон ойининг биринчи куни, деб эълон қилди ва ўша кечадан таровиҳ намозларини бошлади. Бу жамоатчиликда саволлар пайдо қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази эса 17 феврал куни Рамазон ҳилоли кўринмагани боис, Ўзбекистонда Рамазон ойининг биринчи куни — 19 февралга тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинганини билдирди.

Бундан ташқари, Марказий ва Шарқий Осиё давлатлари, Европадаги кўплаб мусулмон жамоалари ҳам 19 феврални Рамазон ойининг илк куни сифатида эълон қилди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид