Ўзбекистон | 17:07
2085
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ислом цивилизацияси марказига кўчиб ўтди

Муфтиятнинг «Ҳазрати Имом» масжиди олдидаги эски биносида – Фатво маркази, Ҳаж ва Умра, Қуръон ва тажвидни ўргатиш, ахборот-таҳлил ва фуқароларни қабул қилиш бўлимлари ўз фаолиятини давом эттиради.

Фото: Kun.uz

Жорий йил Рамазон ҳайити арафасида Тошкентда мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилди. Марказда йирик музей ва Қуръон залидан ташқари, кутубхона ҳамда айрим диний-маърифий ташкилотларнинг офиси учун алоҳида жой ажратилган.

Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси марказий аппарати ўз фаолиятини Ислом цивилизацияси маркази биносида давом эттира бошлади.

Фото: Muslim.uz

Диний идора матбуот хизматининг маълум қилишича, марказнинг Хоразм портали маҳобатли эшигидан кириб, лифтдан иккинчи қаватга кўтарилганда катта фойе ва диний идора ҳудудига кириш мумкин.

«Ичкарига киришингиз биланоқ Қуръони карим оятлари, президентимиз сўзларидан иқтибослар, идора тарихи, муфтийлар ҳақидаги маълумотлар билан танишасиз. Йўлакнинг икки томонида раис ўринбосарлари ва бўлимлар учун ажратилган хоналар жойлашган», дейилади идора хабарида.

Фото: Muslim.uz

Маълум қилинишича, марказдаги «кенг ва ёруғ хоналар, замонавий жиҳозлар соҳа ходимларининг иш самарадорлигини янада оширмоқда».

Фото: Muslim.uz

Шунингдек, идора ихтиёрида кичик ва катта мажлислар зали бўлиб, улар замонавий технологиялар билан таъминланган. «Жонли эфирга мўлжалланган камералар ва тўлиқ Wi-Fi зонаси мавжуд. Залдаги барча техникалар бир маромда ишлаши масъуллар томонидан назорат қилиб турилади. Диний идора жойлашган қисмга ёндош кутубхонадан ҳам фаолият мобайнида унумли фойдаланиш мумкин».

Фото: Muslim.uz

Бунга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идораси узоқ йиллар давомида марказнинг ёнида – «Ҳазрати Имом» масжиди олдидаги икки қаватли бинода (Қорасарой кўчаси 47-уйда) жойлашган эди.

Диний идоранинг маълум қилишича, эски манзилдаги бинода – Фатво маркази, Ҳаж ва Умра маркази, Қуръон ва тажвидни ўргатиш, молиявий назорат ва таҳлил, хўжалик, ахборот-таҳлил бўлимлари, бухгалтерия, студия, фахрийлар кенгаши ҳамда фуқароларни қабул қилиш каби йўналишлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эски биноси / Фото: Kun.uz

Kun.uz нашри Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва унинг фаолияти ҳақида, шунингдек, Марказда жойлашган Қуръони карим залидан фоторепортажлар тақдим қилган эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид