Жаҳон | 11:57 / 24.02.2026
3752
2 дақиқада ўқилади

Вадефул: Германия Путиннинг ортидан ялиниб югурмайди

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул мамлакатининг Украинада тинчликка эришиш учун Россия билан музокара олиб боришга тайёр эканини айтди, аммо ҳар қандай ён беришларга боришни рад этди ва Владимир Путин ортидан “ялиниб югурмаслиги”ни таъкидлади.

Фото: Virginia Mayo/AP/dpa

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Украинада барқарор тинчликка эришиш учун Россия билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди, бироқ ён беришларга боришдан бош тортди. У бу баёнотни душанба, 23 феврал куни Берлинда Христиан-демократик иттифоққа яқин бўлган Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ташкил этган Cafe Kyiv Украина форумида берди.

Вадефулнинг сўзларига кўра, “аввало, албатта, Украина гапириши керак”, аммо Германия ҳам музокараларга тайёр. «Биз Москвага бориб, у ерда ён беришни ният қилганимиз йўқ. Бундай бўлмайди. Агар отишма тўхтаса ва музокараларга жиддий тайёрлик пайдо бўлса, биз, албатта, иштирок этамиз», — деди вазир.

Вадефул Германия Россия президенти Владимир Путин ортидан “ялиниб югурмаслиги”ни қайд этди. «Биз ҳеч бўлмаса ақлли таклифлардан биттаси қабул қилинишига умид қиламиз», — деди у. Шунингдек, у, жумладан, Германия Социал-демократик партияси томонидан билдирилаётган, Путинга ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни фаолроқ таклиф қилиш ҳақидаги чақириқларни рад этди. «Алоқа каналлари етарли. Лекин агар у гаплашишни истамаса, ҳеч бир канал фойда келтирмайди», — деб таъкидлади вазир.

Форумда Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам чиқиш қилди. У, жумладан, XIX асрда яшаган француз ёзувчиси Астолф де Кюстиндан иқтибос келтириб, у Россияда “энг чуқур варварликни энг юксак цивилизация билан ёнма-ён” учратиш мумкинлигини ёзганини эслатди.

Германия ҳукумати раҳбари, шунингдек, Украинага кўмак ҳақида, тўлиқ кўламли тўрт йиллик уруш қурбонлари ҳақида ҳамда ўқ ёмғиридан кейин украинлар нур ва иссиқликсиз уйларда қандай яшаётгани ҳақида ҳам сўзлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид