Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда хонадонда портлаш содир бўлди
Пайариқ туманида содир бўлган ҳодисада 5 киши – эр-хотин ва уларнинг 3 фарзанди жароҳатланган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай хонадон эгаси шифохонада вафот этган.
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги хонадонлардан бирида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 30 январ куни ярим тунда туманнинг Туркибола маҳалласида содир бўлган. Оқибатда бир оиланинг 5 аъзоси жароҳатланган.
2026 йил 14 феврал куни Пайариқ тумани ҳокимининг ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича қарори қабул қилинган. Ҳужжатда келтирилишича, портлашда 1987 йилда туғилган С.Н., 1994 йилда туғилган В.Ф. ҳамда уларнинг 12 ёшли қизи, шунингдек, 9 ва 1 ёшли ўғиллари куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, оила бошлиғи С.Н. куйиш ва ойна синиқларидан олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Ҳоким қарорида ишчи гуруҳга ҳодиса сабабларини ўрганиш, хусусан, газ жиҳозлари стандарт талаблар асосида ўрнатилганини аниқлаш мақсадида “Пайариқтумангаз” газ таъминотига бўлимидан экспертлар жалб этиш топширилган.
Аввалроқ Иштихон туманидаги уйда газбаллони портлаб, унда жароҳатланган 5 киши шифохонага ётқизилганди.