Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Урушнинг 4 йиллиги: Россия ва Украина қанча қурбон берди?
Россия ва Украина ўртасида тўрт йилдирки давом этаётган урушда ҳар икки томон улкан инсоний йўқотишларга учради. Бу низо нафақат Европа, балки Марказий Осиёнинг ҳам геосиёсий ва геоиқтисодий манзарасини ўзгартириб юборди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақида сўз юритди.
— Россия-Украина уруши давомидаги йўқотишлар ҳамда конфликтнинг МОга таъсири қандай бўлди?
Ойбек Сирожов: Бу урушда Россия жуда катта йўқотишлар эвазига, жуда кам натижага эришди. Тўрт йил ўтганига қарамай, эришилган ҳудудий натижалар чекланган, йўқотишлар эса ниҳоятда катта. Россия томонидан ҳалок бўлган ҳарбийлар сони 140–170 минг атрофида деб баҳоланади. Украина томони йўқотишлари эса бундан тахминан 30–40 минг нафарга камроқ экани айтилади. Бу кўрсаткичлар ҳужум қилаётган томоннинг йўқотишлари одатда кўпроқ бўлиши ҳақидаги ҳарбий қонуният билан изоҳланади.
Агар ярадорлар ва сафдан чиққанларни ҳам ҳисобга олсак, Россия томонида бу кўрсаткич 300–350 минг атрофида, Украина томонида эса 250–300 минг атрофида деб баҳоланмоқда. Умумий ҳисобда Россия йўқотишлари ҳалок бўлган ва яраланганлар билан бирга қарийб 600 минг нафарга яқин, Украина томонида эса 450–500 минг атрофида деб кўрсатилади. Техника йўқотишлари ҳам ниҳоятда катта.
Танклар, ҳарбий самолётлар, учувчисиз қурилмалар ва бошқа ҳарбий техникалар йўқотилиши кўлами жиҳатидан XXI аср урушлари орасида энг йирикларидан бири. Энг ачинарли жиҳатлардан бири, аҳоли йўқотишлари ва мажбурий миграция. Украинадан 8–10 миллионгача аҳоли ўз уйини тарк этган – улар хорижга чиқиб кетган ёки мамлакат ичида кўчирилган. Россияда ҳам 700 мингдан 1 миллионгача фуқаро мамлакатни тарк этгани ҳақида маълумотлар бор.
Марказий Осиё учун ҳам бу уруш бевосита таъсирсиз қолмади. Аввало, иқтисодий жиҳатдан Россия минтақа давлатларининг асосий савдо ҳамкорларидан бири эди. Уруш ва санкциялар натижасида савдо алоқалари, логистика занжирлари ва молиявий оқимларда узилишлар юзага келди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларининг Россия орқали жаҳон бозорларига, хусусан Европа ва денгиз йўлларига чиқиш имкониятлари чеклаб қўйилди. Бу эса муқобил транспорт йўлакларини излаш заруратини кучайтирди.
Сиёсий жиҳатдан қаралганда, Россиянинг минтақадаги таъсир доираси маълум даражада қисқарди. Бу айрим жиҳатдан Марказий Осиё давлатлари учун ижобий омил сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг геосиёсий субъективлиги ва суверенитети сезиларли даражада ошиб бормоқда. Минтақа давлатлари АҚШ билан 5+1 формати доирасида, шунингдек Хитой ва бошқа глобал ўйинчилар билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – ушбу уруш Марказий Осиё давлатлари учун ўзаро интеграция ва ҳамкорликни кучайтириш заруратини янада яққолроқ кўрсатди. Йирик геосиёсий кучлар босими шароитида минтақавий бирдамлик ва ички ҳамжиҳатлик стратегик аҳамият касб этмоқда.
Камолиддин Раббимов: Россияда уруш йўқотишларини мустақил равишда ўрганаётган бир нечта лойиҳалар мавжуд. Шулардан бири – “Медиазона” лойиҳаси. Маълумотларни йиғиш усуллари турлича: оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган некрологлар, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар, очиқ ҳарбий ва айрим ҳолларда яширин манбалардан фойдаланилади.
Масалан, жорий йил 30 январдан 13 февралгача бўлган давр ичида шахси аниқ тасдиқланган 9 291 нафар россиялик ҳарбийнинг ҳалок бўлгани қайд этилган.
Тўрт йил давомида эса исм-фамилияси ва бошқа маълумотлари тасдиқланган россиялик ҳалок бўлганлар сони 177 433 нафарни ташкил этади. Тадқиқотчилар бу рақамлар якуний эмаслигини таъкидлайди, чунки Россия расмийлари йўқотишларни максимал даражада яширишга ҳаракат қилмоқда.
Шунга қарамай, “Медиазона” маълумотларни вилоятлар кесимида ҳам таҳлил қилиб бормоқда ва бу ерда сезиларли номутаносиблик кузатилади. Ҳудудий тақсимотга қаралса, Россия ҳокимияти Москва ва Санкт-Петербург каби йирик марказлардан камроқ одам жалб қилишга ҳаракат қилаётгани сезилади. Сабаби, бу шаҳарларда ижтимоий-сиёсий кайфият тез шаклланади ва норозилик намойишлари эҳтимоли бор.
Айрим ҳудудларда эса, аксинча, йўқотишлар анча катта. Масалан, Перм вилоятидан 5 319 нафар, Татаристондан 7 152 нафар, Бошқирдистондан эса 8 252 нафар ҳалок бўлган ҳарбий қайд этилган.
Кавказ минтақасидаги айрим республикалардан эса кўрсаткичлар нисбатан паст. Масалан, Чеченистондан 389 нафар, Ингушиядан 207 нафар, Кабардино-Балкариядан 505 нафар ҳалок бўлганлар рўйхатга олинган. Таҳлилчиларга кўра, бу ҳудудларда 1990–2000 йиллардаги сепаратистик ҳаракатлар тажрибаси сабабли марказий ҳокимият эҳтиёткор сиёсат юритмоқда.
Ҳалок бўлганларнинг ижтимоий таркиби ҳам эътиборга молик. Биринчи ўринда шартнома асосида пул эвазига ёлланган кўнгиллилар туради. Россия урушга жалб қилиш учун катта миқдорда молиявий рағбат таклиф қилмоқда: бир марталик тўлов ва кейинчалик ойлик маош шаклида.
Иккинчи тоифани маҳбуслар ташкил этади. Турли жиноятлар билан қамалган шахсларга шартнома асосида урушга бориш таклиф этилади. Босим ва такрор-такрор бўладиган талаблар натижасида, кўплаб маҳбуслар контрактни қабул қилишга мажбур бўлади. Учинчи тоифага мобилизация қилинганлар ва мотострелкачи бўлинмалар киради.
Ёш таркибига қарайдиган бўлсак, энг кўп ҳалок бўлаётганлар 36–38 ёш оралиғидагилар ҳисобланади. Иккинчи ўринда 30–35 ёшдагилар, учинчи ўринда эса 39–41 ёшдагилар туради. Шунингдек, 57–59 ёш, ҳатто 60–62 ёшдаги ҳарбийлар орасида ҳам йўқотишлар бор. Бироқ асосий улуш 35–41 ёш оралиғига тўғри келади.
Урушнинг Марказий Осиёга таъсири борасида, юқоридаги фикрларга қўшиламан. Геоиқтисодий томонига тўхталсак, уруш бошланиши билан Хитой муқобил транспорт-логистика йўналишларини излай бошлади, чунки Россия санкциялар остида қолди. Шу жараён Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли лойиҳасининг фаоллашишига туртки берди. Бу лойиҳа 1990-йиллардан буён Ўзбекистон учун стратегик орзулардан бири эди.
Шунингдек, Транскаспий транспорт йўлаги лойиҳаси ҳам жадаллашди. Сабаби, Хитой, Европа ва Туркия учун Россия ҳудудидан ташқаридаги муқобил йўналишларга эҳтиёж ортди.
Умуман олганда, глобал иқтисодий тузилма ўзгариб бормоқда. Бу жараён Марказий Осиё учун янги имкониятлар ойнасини очмоқда. Агар тарихда биринчи йирик имконият Буюк Ипак йўли бўлган бўлса, ҳозирги геоиқтисодий вазиятни минтақа учун иккинчи тарихий имконият деб баҳолаш мумкин.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:53 / 26.02.2026
Европа Иттифоқи Қирғизистондан Россияга реэкспорт устидан назоратни кучайтиришни талаб қилди
20:11 / 26.02.2026
Иккинчи жаҳон урушидан ҳам чўзилган қирғинбарот. Киев нега уч кунда қуламади?
16:41 / 26.02.2026
Лондонда биринчи марта Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари саммити бўлиб ўтмоқда
15:29 / 26.02.2026