Спорт | 21:00 / 27.02.2026
3578
1 дақиқада ўқилади

Қишки Паралимпия ўйинларида 2 нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этади

Юлдуз Маҳмудова ва Фирдавс Худоятов пара-тоғ чанғиси дастурида ва гигант слалом йўналишида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.

Фото: Миллий паралимпия қўмитаси

Италиянинг Милан ва Кортина-д'Ампеццо шаҳарларида ўтадиган қишки Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини икки нафар спортчи ҳимоя қилади. Бу ҳақда Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.

Юлдуз Маҳмудова ва Фирдавс Худоятов пара-тоғ чанғиси дастурида ва гигант слалом йўналишида иштирок этади.

23 ёшли Юлдуз Маҳмудова қояга чиқиш, гигант слалом ва слалом бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган.

22 ёшли Фирдавс Худоятов эса мамлакат чемпионатларида слалом ва гигант слалом дастурларида қатнашиб, турли йилларда олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган.

XIV қишки Паралимпия ўйинлари 6 мартдан 15 мартгача бўлиб ўтади.

Аввалроқ, Италиядаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини икки спортчи ҳимоя қилган эди — слалом ва гигант слаломда Медет Назаров ҳамда шорт-трек бўйича 500 ва 1500 метр масофаларга конькида учиш устаси Даниил Ейбог. Улар совринли ўринларни қўлга киритолмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид