Ўзбекистон | 09:34 / 28.02.2026
1784
1 дақиқада ўқилади

1 мартдан Ўзбекистонда ов мавсуми ёпилади

Ўзбекистонда ҳар йили 1 мартдан 15 августга қадар ов қилиш тақиқланади. Бу чеклов ёввойи фауна вакилларининг кўпайиш даврида уларни муҳофаза қилиш ва табиий мувозанатни сақлашга қаратилган.

Фото: Kun.uz

2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, республика ҳудудида ов мавсуми 1 мартдан 15 августгача ёпилади.

Мазкур чеклов биологик ресурсларни асраш, ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг кўпайиш даврида уларни муҳофаза қилиш ҳамда табиатдаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, Экология қўмитаси ва ҳудудий бошқармалар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий рейд тадбирларини олиб бормоқда. Тақиқланган мавсумда ов қилиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ қатъий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қўмита фуқароларни ов мавсуми ёпиқ даврида табиатга эҳтиёткорона ва масъулият билан муносабатда бўлишга чақирди. Шунингдек, ноқонуний ов ҳолатларига дуч келган тақдирда 1157, 1207, (71) 207-11-07, (71) 207-11-08 ишонч телефонлари, ecogovuz_bot телеграм боти орқали ёки қўмитанинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилиш мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид