Жамият | 12:16
2040
1 дақиқада ўқилади

48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетди

Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши сабаб Тошкентга қайтаётган 48 нафар ўзбекистонлик Доҳа халқаро аэропортида қолиб кетди. Элчихона маълум қилишича, вазият назоратга олинган ва фуқаролар вақтинчалик меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

Элчихона маълумотига кўра, 28 феврал куни Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши оқибатида Тошкентга қайтиши керак бўлган 48 нафар фуқаро Доҳа аэропортида қолиб кетган. Авиакомпаниялар фавқулодда вазият туфайли йўловчиларни меҳмонхона билан таъминлай олмаган шароитда элчихона ходимлари зудлик билан аэропортга етиб бориб, зарур чораларни кўрган.

Олиб борилган музокаралар натижасида фуқаролар, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраган ватандошлар ҳам вақтинчалик меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

Қатар ҳаво ҳудуди очилиб, парвозлар тикланиши билан фуқароларнинг ватанга хавфсиз қайтиши таъминланиши таъкидланди. Қайд этилишича, вазият элчихонанинг доимий назоратида бўлиб, йўловчилар рўйхати мунтазам янгилаб борилмоқда.

Дипломатик ваколатхона фуқароларни ваҳимага тушмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга, хавфсизлик юзасидан одамлар гавжум жойлардан сақланиб, маҳаллий қонун-қоидаларга амал қилишга чақирди.

Мурожаат учун элчихона консули Отабек Муродов билан боғланиш мумкин: +974 5141 1001.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид