Жаҳон | 07:43
2724
5 дақиқада ўқилади

Африка қандай бўлиб ташланган? Европанинг мустамлака харитаси

Тахминан қирқ йил ичида Европа давлатлари деярли бутун Африка қитъасини ўзаро бўлиб олиб, уни Лондон, Париж, Берлин, Брюссел, Лиссабон, Рим ва Мадриддан бошқариладиган мустамлака мулк парчаларига айлантирди.

Фото: Altezza Travel

Янги харита мустамлакачилик тизимининг энг юқори чўққисини — Биринчи жаҳон уруши арафасидаги даврни кўрсатади. Ўша пайтда Европа ҳокимияти деярли бутун Африкага ёйилган эди, кейин эса уруш Европанинг денгизорти мулкларини емириб бориш жараёнини бошлаб берди.

Африкадаги кўплаб ҳозирги давлат чегаралари тўғридан тўғри ана шу даврга бориб тақалади: улар аввалдан мавжуд бўлган маданий ёки сиёсий ҳудудий чегараларни эмас, балки мустамлака даври келишувларини акс эттиради. Тақдим этилган маълумотлар турли манбаларга таянади: ЮНЕСКО материаллари (1990), Эрик Хобсбаумнинг китоблари, Хенк Весселингнинг ишлари ҳамда АҚШ Конгресси кутубхонаси маълумотлари шулар жумласидан.

Европа давлатлари асрлар давомида Африкага кириб боришга уриниб келган — масалан, 1652 йилда Нидерландия кўчманчилари Яхши Умид бурунига етиб келганини ёки 1798 йилда Наполеон Бонапартнинг Мисрга юришини эслашнинг ўзи кифоя.

Бироқ XIX асрнинг иккинчи ярмида бошланган «янги империализм» даври Европа йирик давлатларининг — энг аввало Буюк Британия, Франция ва Германиянинг анча катта кўламли ва мураккаб мустамлакачилик лойиҳалари билан ажралиб туради.

«Африка учун кураш» деб аталган жараён натижасида қитъанинг катта қисми айнан шу уч давлат ўртасида бўлиб олинди. Бу жараённинг рамзий нуқтаси сифатида 1885 йилги Берлин конференцияси қайд этилади.

Мустамлакачи давлатлар орасида Белгия ёки Португалия каби нисбатан кичик, катта ҳарбий қудратга эга бўлмаган мамлакатлар ҳам бор эди. Шу билан бирга, Европанинг айрим йирик давлатлари — масалан, Россия ва Австро-Венгрия Африкани бўлиш жараёнида иштирок этмаган.

Африкада Европа давлатлари ичида энг катта муваффақиятга Британия империяси эришди: унинг қўли остида қитъанинг шарқий қисми бўйлаб деярли узлуксиз чўзилган ҳудудлар мавжуд эди.

Лондон «Кейпдан Қоҳирагача» темирйўл қуришни орзу қилган — бу лойиҳа Британиянинг Миср ва Жанубий Африкадаги мулкларини боғлаши керак эди. Бироқ географик ва сиёсий омиллар бу режага тўсқинлик қилди: Белгия Конгосининг шарқий ҳудудлари темирйўл қурилиши учун жуда ноқулай бўлган, Герман Шарқий Африкаси эса ўша даврда Британиянинг асосий рақибига тегишли эди.

Катта уруш тугагач, британияликлар бу ҳудуд — ҳозирги Танзания устидан назоратни қўлга киритди. Лекин иқтисодий қийинчиликлар шу қадар катта бўлдики, улкан темирйўл лойиҳаси барибир амалга ошмади.

Агар Шарқий Африкада Британия устунлик қилган бўлса, Мағриб ва Ғарбий Африканинг салмоқли қисми Франция назоратига ўтган. Бироқ мустамлакаларнинг мақоми турлича эди: Жазоир аннексия қилиниб, метрополия таркибига қўшиб юборилган, Марокаш ва Тунис эса француз империясига содиқ ҳукмдорлар орқали бошқариладиган протекторатларга айланган.

Бундан ташқари, Марокаш фақат Франция бошқаруви остида бўлмаган: 1912 йилги шартнома Испанияга мамлакатнинг Гибралтар бўғозига яқин шимолий ҳудудлари, шунингдек Испания Саҳросига туташ жанубий минтақа устидан назорат берган.

Бу вақтга келиб Испания, қўшни Португалия каби, Америкадаги мулкларининг кўпини аввалги ўн йилликларда йўқотганидан сўнг, фақат кам сонли мустамлакаларни сақлаб қолган эди. Икки мамлакатнинг жаҳон урушларига камроқ жалб этилгани уларга Африкадаги мустамлакаларни бошқа европаликлардан кўра узоқроқ сақлаб қолиш имконини берди — бу ерда деколонизация жараёни фақат 1960–1970-йилларда якунланган.

Конго ҳавзаси бўйича йирик давлатларнинг эҳтиёткор сиёсати туфайли Белгия қироли Леополд II ўз мамлакати ҳажмидан анча катта бўлган улкан мустамлакани барпо этишга муваффақ бўлди. Каучук қазиб олиш (етиштириш ва йиғиш) кенг миқёсда амалга оширилган Белгия Конгоси қитъадаги энг шафқатсиз ва вайронкор мустамлакалардан бири ҳисобланади.

Шу орада, унинг шимолида «Африка бўлиниши» даврида мустамлакага айланишдан қутулиб қолган атиги икки давлат бор эди — Эфиопия ва Либерия.

Биринчи давлат, Абиссиния номи билан ҳам маълум, қитъани уруш олдидан бўлиш даврида Италия экспансиясини қайтаришга эришган, гарчи икки жаҳон уруши орасидаги даврда фашистик Италия томонидан босиб олинган бўлса-да. Либерия эса АҚШдан озод этилган қуллар томонидан асос солинган ва ҳеч қачон мустамлака бўлмаган, шу сабабли у бугун Африкадаги энг қадимги мустақил давлатлардан бири (кўп манбаларда — энг қадимгиси) деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид