USS Gerald R. Ford авиаташувчиси бортидаги АҚШ ҳарбийлари операцияларга тайёрланмоқда / Фото: Centcom

2025 йилда глобал ҳарбий харажатлар – Европа ва Осиёда мудофаа харажатларининг кескин ортиши ҳисобига деярли 3 фоизга ўсди.

27 апрель куни Стокголм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти (SIPRI) йиллик «Жаҳон ҳарбий харажатлари тенденциялари» ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Европанинг мудофаа харажатлари 2024 йилга нисбатан 14 фоизга ошиб, 864 миллиард долларни, Осиё ва Океанияда эса 8,1 фоизга ўсиб, 681 миллиард долларни ташкил этди.

Умумий ҳисобда, 2025 йилда бутун дунё бўйлаб ҳарбий дастурларга деярли 2,9 триллион доллар сарфланди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,9 фоизга кўпдир. Ҳисоботга кўра, ушбу кўрсаткич дунё ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 2,5 фоизини ташкил этади ва бу 2009 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Қуролланиш учун энг кўп маблағ сарфлаган давлатлар: АҚШ, Хитой, Россия, Германия ва Ҳиндистоннинг биргаликдаги харажатлари глобал сумманинг 58 фоизини ташкил этди.

Қуролланиш учун энг кўп маблағ сарфлаган 40 давлат / Фото: SIPRI

Ҳисоботда қайд этилишича, АҚШ ҳарбий харажатлар бўйича дунёда ҳамон 1-ўринда қолмоқда – 954 миллиард доллар. Ундан кейинги ўринда Хитой – тахминан 336 миллиард доллар сарфлаган. Россия эса тахминан 190 миллиард доллар билан учинчи ўринда турибди.

НАТО ва Европадаги ўзгаришлар

Харажатлар ўсишида АҚШнинг иттифоқчилари етакчилик қилди. CNN нашрининг ёзишича, бу авлодлар алмашинуви билан боғлиқ ўзгаришларни кўрсатмоқда. Тадқиқотчи Жейд Рикарднинг таъкидлашича, 2025 йилда НАТОнинг европалик аъзолари харажатлари 1953 йилдан бери энг тез суръатда ўсган. Бу Европанинг ўз-ўзини таъминлашга интилиши ва АҚШнинг иттифоқ ичида юкни бўлишиш бўйича босими билан изоҳланади.

Хусусан, НАТОнинг қуйидаги давлатлари ҳарбий соҳадаги харажатларини катта миқдорда оширган:

  • Бельгия: 59%
  • Испания: 50%
  • Норвегия: 49%