Ўзбекистон | 14:04 / 04.03.2026
1992
1 дақиқада ўқилади

Доҳада 500 нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳмонхоналарда қолмоқда

Яқин Шарқдаги нотинч вазият сабаб Доҳада 500 нафардан ортиқ ватандош меҳмонхоналарга жойлаштирилган. Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб, зарур амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабар беришича, элчихона ходимлари Доҳада вақтинча қолиб кетган фуқаролар билан доимий алоқада бўлиб, уларнинг эҳтиёжларини ўрганмоқда.

Қайд этилишича, 3 март куни дипломатлар La Villa ва OYYO Hotel меҳмонхоналарида бўлиб, у ерда вақтинча яшаётган ватандошларнинг шахсий маълумотлари асосида рўйхат шакллантирилди.

Шунингдек, элчихона “Ватандош” жамоат фонди билан ҳамкорликда меҳмонхоналарда жойлашган айрим муҳтож фуқароларга ифторлик таомларини етказиб берди.

Маълум қилинишича, тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар эса Ҳамад шифохонасига олиб борилган.

Бундан ташқари, Доҳада йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган фуқарони дафн этиш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига кўмак берилган ҳамда Қатарнинг масъул идоралари билан ҳамкорликда жаноза маросими ўтказилган.

Айни пайтда Қатар ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолаётгани маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид