Ўзбекистон | 11:31
1530
2 дақиқада ўқилади

Феврал ойида айрим ҳудудларда ҳарорат рекордлари янгиланди

Ўзбекистонда 2026 йил феврал ойи одатдагидан анча илиқ об-ҳаво билан кечди. Айрим кунларда эса бир қатор ҳудудларда ҳарорат рекорд даражагача кўтарилди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, феврал ойи давомида кузатилган жуда илиқ об-ҳаво ойнинг асосий хусусиятларидан бири бўлди. Ой давомида қисқа муддатли совуқлар кузатилган бўлса-да, ўртача бир кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати асосан иқлим меъёридан юқори бўлди. Фақат феврал ойининг охирги кунида ҳарорат меъёрдан 2–3 даражага паст бўлди.

Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида совуқ қисқа муддатли бўлиб, ҳарорат меъёрдан 4–6 даражага паст бўлган. Шу билан бирга, ўртача ойлик ҳаво ҳарорати мамлакатнинг катта қисмида иқлим меъёридан 5–7 даражага, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса 3–4 даражага юқори бўлган.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида, шимоли-ғарбий ҳудудлардан ташқари, 2026 йил феврали метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ феврал ойларидан бири сифатида қайд этилди.

Ойнинг энг илиқ кунларида республика ҳудудининг катта қисмида кундузи ҳаво ҳарорати 22–27 даража илиққача, шимол ва Фарғона водийсида эса 19–21 даража илиққача кўтарилди. 19–20 феврал кунлари айрим ҳудудларда ушбу саналар учун максимал ҳарорат қийматлари деярли ҳамма жойда янгиланди.

Шу билан бирга, айрим кечаларда ҳаво ҳарорати 0–4 даража совуққача, республика шимолида 8–13 даража совуққача, Устюрт ҳудудида эса 15–18 даража совуққача пасайди. Марказий ва жанубий вилоятларнинг қатор туманларида эса ҳарорат манфий қийматларгача тушмади.

Феврал ойида республика бўйича асосан ёмғир кўринишида ёғингарчилик кузатилди, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса ёмғир ва қор ёғди. Айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик ҳам қайд этилди.

Хусусан, 5 феврал куни Урганчда бир кеча-кундузда 48 миллиметр ёғингарчилик қайд этилди. Бу кўрсаткич ойлик меъёрнинг 302 фоизини ташкил этиб, нафақат феврал ойи, балки бутун йил учун максимал бир кеча-кундузлик ёғингарчилик бўйича янги рекорд сифатида қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид