Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Си Жинпинг ҳарбийларни коррупцияга ботган амалдорларни яширмасликка чақирди
Хитой раҳбари ҳарбийларни коррупциялашган ёки содиқ бўлмаган амалдорларни яширишдан огоҳлантирди. Bloomberg Хитой расмийлари парламент йиғилишига келмаганидан кейин кенг кўламли тозалаш сигналлари ҳақида хабар берди.
Фото: Li Gang/Xinhua/Getty Images
Хитой раиси Си Жинпинг ҳарбийларни коррупциялашган ёки содиқ бўлмаган амалдорларни яширишдан огоҳлантирди, деб хабар берди Bloomberg.
«Армияда партияга содиқ бўлмаганларга ўрин бўлмаслиги керак ва порахўр амалдорлар яшириниши учун жой бўлмаслиги керак», деди Си Халқ озодлик армияси ва Халқ қуролли милицияси делегатларига парламентнинг йиллик сессиясида.
Бу январ ойида Марказий ҳарбий кенгаш (МҲК) раиси ўринбосари ва Коммунистик партия сиёсий бюроси аъзоси генерал Чжан Юся терговга тортилганидан бери биринчи марта юз берди. У Си Жинпингнинг асосий иттифоқчиси эди.
The Washington Post нашрининг ёзишича, Чжан билан Си болаликдан таниш бўлган ва кўпчилик унинг терговга тортилишини кутмаган. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, генерал, хусусан, АҚШ фойдасига жосуслик қилиш ва ядровий сирларни етказишда гумон қилинмоқда.
Си Жинпинг қуролли кучларда коррупцияни йўқ қилиш кампаниясини 2023 йил ўрталарида, учинчи муддатга қайта сайланганидан бир неча ой ўтиб бошлаганди. Шундан бери Марказий ҳарбий кенгаш раисининг икки ўринбосари ва унинг уч аъзоси, собиқ мудофаа вазири, шунингдек, камида ўндан ортиқ юқори мартабали генераллар лавозимидан четлатилди.
Bloomberg шу ҳафта Бутунхитой халқ вакиллари йиғилишининг тўртинчи сессиясига 113 делегатнинг (жами иштирокчиларнинг деярли 4 фоизи) келмаслиги ҳукумат доираларида кенг кўламли тозалаш ўтказилганидан дарак бериши мумкинлигини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, сессиядаги делегатлар сони бутун аср давомида энг паст кўрсаткичга айланди. Фақат COVID-19 даври бундан мустасно бўлиб, йиғилишга 161 нафар делегат келмаган эди.
Мавзуга оид
12:37 / 07.03.2026
Фарғона тумани солиқчиси 20 минг доллар билан ушланди
18:03 / 06.03.2026
“ОАВда бошқача айланиб кетгани учун жараён тўхтаб қолган” – қурилишда коррупция ҳақида гапирган тадбиркор устидан ИИВга ёзилгани ҳақида
17:30 / 06.03.2026
Нақд пул муомаласига чекловлар: бу қанчалик самарали?
08:45 / 06.03.2026