Жаҳон | 19:54 / 09.03.2026
3171
5 дақиқада ўқилади

“Араблар Эрон устидан арз қиляпти” – сиёсатшунос

БАА расмийлари Эрондан йўлланаётган зарбаларни кескин қоралаб, мамлакат ўзини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Шунга қарамай, яқин кунларда Эронга тўғридан тўғри ҳарбий ҳужум режалаштирилмаганини билдирди. Агар ҳужумлар давом этиб, энергетика инфратузилмалар нишонга олинса, жавоб чораларини кўриш эҳтимоли истисно қилинмаяпти. Хўш, минтақанинг қолган давлатлари ҳам шундай ҳаракатга қўл уриши мумкинми? Kun.uzʼнинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.

БАА Эронга қарши мудофаа ҳуқуқини эълон қилди, форс кўрфазининг бошқа давлатлари ҳам шундай қилиши мумкинми?

Шавкат Икромов: Юқори мартабали расмийлардан бири шундай баёнот берди, улар Эронга қарши ҳарбий ҳужум эҳтимолини истисно қилмайди, бироқ ҳозирча бундай режа мавжуд эмас ва бу қадамдан тийилишга қарор қилинган. Шу билан бирга, расмийлар мамлакат ҳудудига Эрондан йўлланаётган зарбаларни кескин қоралаб, бу ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлади.
Бирлашган Араб Амирликлари ҳам шунга ўхшаш баёнот бериб, бу воқеалар Эрон билан муносабатларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди. Бироқ улар вазиятнинг тўлиқ ҳарбий тўқнашув даражасига етиб бормаслигига умид билдирган. Расмий баёнотда яна бир муҳим жиҳат тилга олинди: Эрон ушбу можаро давомида мамлакатнинг мудофаа имкониятларини етарлича ҳисобга олмаган.
Улар қаршилик тезда синади, деб ўйлаган бўлиши мумкин, бироқ амалда мудофаа тизимлари анча мустаҳкам экани таъкидланди. Хусусан, Франция билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳаво патрули тизими зарбаларни қайтаришда муҳим рол ўйнаётгани айтилди. Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари яқин кунларда Эронга қарши ҳарбий ҳужум бошламаслигини тасдиқлади.
Бироқ бу эҳтимол бутунлай рад этилгани йўқ. Шунга ўхшаш баёнотни Саудия арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан Ал Сауд ҳам билдирди.

У эронлик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқот қилганини ва вазият муҳокама этилганини айтди. Саудия Арабистони ҳозирча Эронга қарши тўғридан тўғри ҳарбий ҳужум бошлаш ниятида эмас.

Аммо агар мамлакат ҳудудидаги энергетика инфратузилмаси, нефт конлари, нефтни қайта ишлаш заводлари ёки экспорт терминалларига зарбалар берилса, жавоб чораларини кўриш эҳтимоли истисно қилинмаслиги ҳам қайд этилди. Бундан ташқари, Баҳрайн Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар номидан БМТга мурожаат қилиб, Эронга нисбатан чоралар кўриш ҳамда минтақадаги ҳужумларни тўхтатиш бўйича резолюция таклиф қилди.

Асосий савол шундаки: агар зарбалар давом этса, минтақа давлатлари қанчагача сабр қилади?! Улар фақат мудофаа билан чекланиб қоладими ёки можаро кенгроқ ҳарбий эскалацияга айланадими?

Баъзи таҳлилчиларга кўра, айнан шундай эскалация Исроил манфаатларига мос келиши мумкин. Чунки минтақадаги кенг кўламли уруш Эронни заифлаштириши эҳтимоли бор.
Шу билан бирга, бундай можаро бошқа давлатларга, жумладан, Саудия Арабистонига ҳам жиддий иқтисодий зарар етказиши мумкин. Шу сабабли араб давлатлари ҳозирча урушдан тийилиб, дипломатик йўлни танлашга ҳаракат қилмоқда.
Улар бир томондан АҚШ, иккинчи томондан Хитой билан фаол дипломатик алоқаларни давом эттириб, можаронинг кенг урушга айланиши олдини олишга интилмоқда. Араб давлатларининг асосий мақсади — Эрон билан очиқ ҳарбий тўқнашувга киришмасдан, йиллар давомида шакллантирилган иқтисодий барқарорлик ва фаровонликни сақлаб қолишдир. Чунки уруш нафақат сиёсий, балки жиддий иқтисодий йўқотишларга ҳам олиб келиши мумкин.

Шуҳрат Расул: Расмий баёнотларга кўра, нафақат БАА, балки Саудия Арабистони вакиллари ҳам агар агрессив ҳаракатлар давом этса, албатта, адекват жавоб чораларини кўришларини билдирмоқда.

Бу баёнотлар минтақадаги кескинлик ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатади. Бугунги вазиятда Эрон ичидаги сиёсий жараёнлар ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Аввалроқ президент Масъуд Пизишкиён можарони юмшатишга қаратилган баёнотлар берган эди.
Бироқ кейинги воқеалар фонида унинг дастлабки позицияси қайта талқин қилинаётгани сезилмоқда. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, мамлакат ичидаги сиёсий ва диний доираларнинг босими президентни янада кескинроқ баёнотлар беришга мажбур қилган бўлиши мумкин. Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси каби куч тузилмалари ва айрим диний етакчиларнинг кескин позицияси Эрон сиёсатига таъсир ўтказаётгани ҳақида ҳам гапирилмоқда.
Натижада Теҳроннинг қўшни давлатларга нисбатан сиёсий курси янада қаттиқлашиши эҳтимоли тилга олинмоқда. Шу сабабли айрим кузатувчилар можаронинг ҳали тугамаганини, балки янги босқичга ўтиши мумкинлигини айтмоқда. Агар зарбалар давом этса, минтақада эскалация хавфи ортиши эҳтимоли бор ва бундай вазиятда жавобгарлик масаласи яна кун тартибига чиқиши мумкин.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид