Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нефт нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 доллардан ошди
Эрондаги уруш туфайли нефт нархлари қарийб 20 фоизга сакраб, 2022 йилдаги даражага етди. Нефт бозоридаги энг муҳим омиллардан бири — Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиши узоқ вақт давом этиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлардир.
Фото: Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши фонида нефт нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 АҚШ долларидан ошиб кетди. Европада эталон ҳисобланган Brent маркали нефт фючерслари 9 март, душанба куни савдо бошида вақтинча қарийб 20 фоизга қимматлашиб, бир баррел (159 литр) учун 111,04 долларгача кўтарилди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.
Американинг West Texas Intermediate (WTI) маркали нефт фючерслари эса 16,8 фоизга ўсиб, 106,17 долларга етди. Бу нарх савдо жараёнида бундан ҳам юқори — 111,24 долларгача чиққан эди.
6 март, жума куни, май ойида етказиб бериш учун мўлжалланган Brent нефти 2024 йил апрелидан бери биринчи марта 90 доллардан юқори нархда савдо қилинди. Ҳолбуки, 28 февралдан бери давом этаётган Эронга қарши ҳарбий операция бошланишидан олдин, унинг нархи бир баррел учун тахминан 70 доллар атрофида эди.
Нефт бозоридаги энг муҳим омил бўлиб, Ҳўрмуз бўғозининг узоқ вақтга тўсилиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар қолмоқда. Тинчлик даврида ушбу бўғоз орқали ҳар куни жаҳондаги нефт ҳажмининг тахминан 20 фоизи ташилади. У, шунингдек, масалан, Қатардан суюлтирилган табиий газни ташишда ҳам катта аҳамиятга эга.
Жаҳон нефт бозорида вазият таранглашган шароитда, АҚШ молия вазири Скотт Бессент 6 март куни Вашингтон танкерларга аллақачон юкланган Россия нефтига нисбатан санкцияларни юмшатиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. Шу куни АҚШ Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводларини танкерларга юклаб бўлинган Россия нефтини сотиб олишга қўйилган тақиқдан 30 кунга озод қилди, токи “нефт жаҳон бозорига етказиб берилишда давом этсин”.
7 март куни Исроил илк бор Эроннинг нефт инфратузилмасига ҳаво зарбалари берди — Теҳрон ва унинг атрофидаги бешта энергетика объекти ҳужумга учради.
Бунга жавобан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Форс кўрфази давлатларидаги нефт объектларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилди. The Guardian газетаси ИИМК вакилининг қуйидаги сўзларини келтирган: “Агар бир баррел нефт нархи 200 доллардан ошишига чидай олсангиз, ўйинни давом эттиринг”.
Мавзуга оид
15:25
Трамп сайлов қонунчилигини ўзгартиришни талаб қилмоқда
15:02
АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Эрондаги уруш бошидан бери 8 ҳарбийси ўлимини тасдиқлади
13:55
«Кислотали булутлар» ҳақидаги хабарлар илмий жиҳатдан асоссиз – Ўзгидромет
13:22