Ўзбекистон | 11:32
674
2 дақиқада ўқилади

Риштон ва Майзуру ўртасида биродарлик алоқалари йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Япониянинг Киото префектурасида жойлашган Майзуру шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Фото: "Дунё" АА

Сафар доирасида делегация Майзуру шаҳри мэри Акицу Камода, шаҳар кенгаши раиси Рюжи Кимоцуки ҳамда маҳаллий таълим муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Мулоқотлар чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, таълим, кадрлар тайёрлаш, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар алмашинувларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Ташрифнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида элчи Майзуру шаҳар кенгашида нутқ сўзлаб, Риштон ва Майзуру шаҳарлари ўртасида расмий биродар шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш ташаббусини илгари сурди.

Қайд этилишича, мазкур таклиф шаҳар раҳбарияти ва кенгаш аъзолари томонидан илиқ қабул қилинган. Улар бу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиш билдирди.

Учрашувлар якунида томонлар икки ҳудуд ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, инсонлар ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва келгусида расмий биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид