Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Европага Россиядан яна нефт ва газ сотиб олишни таклиф қилди
Нефт нархлари кескин ошиб бораётган бир пайтда Россия Европа билан “узоқ муддатли ва барқарор” ҳамкорлик тикланса, Москвага сиёсий босим ўтказилмаса, энергия ташувчилар етказиб беришни қайта бошлаши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти маълум қилди.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери энергия ташувчилар нархлари сезиларли даражада ошгани фонида, Россия Европа мамлакатларига нефт ва газ етказиб беришга тайёр. Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, етказиб беришни қайта тиклашнинг асосий шарти — Москвага сиёсий босим ўтказилмайдиган барқарор ҳамкорликдир. Путин бу ҳақда 9 март, душанба куни мамлакат ҳукумати йиғилиши чоғида маълум қилди.
Кремл раҳбари Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиши ва бу билан боғлиқ нефт бозоридаги муаммоларни шарҳлар экан, шундай деди: “Агар Европа компаниялари, Европа харидорлари тўсатдан йўналишини ўзгартиришга қарор қилса ва бизга сиёсий конъюнктурадан холи, сиёсий ҳолат таъсиридан озод, узоқ муддатли, барқарор қўшма ишни таъминласа — марҳамат”.
Путиннинг қўшимча қилишича, Россия европаликлар билан ишлашдан ҳеч қачон бош тортмаган, бироқ унга Европада ҳам ишлашга тайёр экани ва “бизга шу барқарорлик ҳамда мустаҳкамликни таъминлаши” ҳақидаги “сигналлар” зарур.
Шунингдек, у ҳукуматга Россия энергия ташувчиларини Европага етказиб бериш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини баҳолашни ва Европа “намойишкорона эшикни ёпиб қўйиши”ни кутиб ўтирмасликни топширганини айтди. Ҳозирги вақтда Россия нефтини Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларига, Венгрия ва Словакияга етказиб бермоқда.
Шу куни аввалроқ нефт нархи қарийб тўрт йил ичида биринчи марта бир баррел учун 100 АҚШ долларидан (ҳисоб-китобда тахминан 86 евро) ошиб кетган эди. G7 мамлакатлари молия вазирлари нефт нархлари ўсиши фонида нефт захираларидан фойдаланиш вариантини келишиб олди.
Россиянинг Европа мамлакатларига энергия ташувчилар етказиб бериши Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Европа Иттифоқининг санкциялар пакетлари доирасида босқичма-босқич энг кам даражага туширилган эди.
Мавзуга оид
10:17
Европа роботакси синовларини тезлаштиришга қарор қилди
09:15 / 09.06.2026
Путин ва Нетаньяҳуга ордер берган прокурор вақтинча ишдан олинди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026