Жамият | 20:52 / 12.03.2026
4858
2 дақиқада ўқилади

Радарга тушганлик ҳақидаги жарима қарори қачон ўз кучини йўқотади?

Агар маъмурий жазо қўлланиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб уч ой мобайнида ижрога қаратилмаган бўлса, бундай қарор ижро этилмайди.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ҳолларда жарима солиш ва уни тўлаш тартиби хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев маълумот берди.

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ҳолларда жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, электрон ҳужжатни қоғоздаги ҳужжатга айлантириш йўли билан тайёрланади ҳамда мазкур қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси тарзида ҳуқуқбузарга юборилади, деди у.

Лекин, агар маъмурий жазо қўлланиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб уч ой мобайнида ижрога қаратилмаган бўлса (қарор нусхаси ҳуқуқбузарга топширилмаган, ҳуқуқбузарнинг ишлаш, яшаш жойига ёки давлат ижрочисига юборилмаган бўлса ва ҳ. к.), у ҳолда бундай қарор ижро этилмайди.

Ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилади ва айбдор мансабдор шахсга нисбатан тегишли интизомий чора кўрилиб, у ҳақидаги маълумот маъмурий иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.

Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, агар 3 ой ичида жарима солиш тўғрисидаги қарор етказиб берилмаса, ушбу жаримани тўламаса бўлади. Аммо 3 ойгача қарор етказиб берилса, ушбу жаримани тўлаш мажбурий.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид