Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц: Осло билан шериклик “ниҳоятда яхши” ривожланмоқда
Германия канцлери Фридрих Мерц Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик “ниҳоятда яхши” ривожланаётганини айтди. 13 март куни сиёсатчилар НАТО машқларини биргаликда кузатади.
Фото: REUTERS
Германия ва Норвегия ўртасидаги стратегик шериклик “ниҳоятда яхши” ривожланмоқда ва “келажак учун салоҳият”га эга, деди Германия канцлери Фридрих Мерц 12 март, пайшанба куни Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан Аннёйа оролида бўлиб ўтган учрашувда. У ерда 1962 йилдан буён шу номдаги ракета маркази фаолият юритиб келмоқда.
Ўн йиллар давомида бу мажмуадан 700 дан ортиқ илмий ракета ва аэростатлар учирилган бўлиб, сиёсатчилар 13 март куни ушбу объектга ташриф буюради. Бир неча кундан сўнг у ерда сунъий йўлдошларни Ернинг паст орбитасига олиб чиқишга мўлжалланган Германиянинг Spectrum орбитал ракетаcи синовлари режалаштирилган.
Шунингдек, 13 март куни Мерц ва Стёре Бардуфосс ҳарбий базасига йўл олади. У ерда улар Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва Канада бош вазири Марк Карни билан бирга 9–19 март кунлари Норвегияда ўтаётган НАТОнинг Cold Response (“Совуқ жавоб”) ҳарбий машқларини кузатади. Машқларда алянснинг 14 мамлакатига мансуб 25 мингдан ортиқ ҳарбий, жумладан Бундесвернинг 1,6 минг аскари иштирок этмоқда.
Dpa агентлигининг ёзишича, икки мамлакат вакиллари Карни билан бирга Канаданинг Германия-Норвегия сувости кемалари ишлаб чиқариш лойиҳасида иштирокини ҳам муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа Thyssenkrupp таркибига кирувчи Германиянинг TKMS мудофаа корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. Reuters қайд этишича, гап Канада билан қўшма ишлаб чиқариш ҳақида эмас, балки Оттавани сувости кемаларини Жанубий Кореядан эмас, Европадан сотиб олишга кўндиришга уриниш ҳақида бормоқда.
Мерц ва Стёре музокараларининг яна бир мавзуси энергия таъминоти бўлади. Бу масала АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ортидан нефт ва газ нархлари ошгани сабабли янада кескинлашган. Германияга импорт қилинадиган газнинг 48 фоизи ва нефтьнинг 9 фоизи Норвегия ҳиссасига тўғри келади.
2025 йил июлида, Стёре билан Берлинда бўлиб ўтган учрашувда Германия канцлери икки мамлакат келажакда хавфсизлик ва қурол-яроғ соҳасида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш ниятида эканини билдирган эди. “Замонавий сувости кемаларини харид қилиш, улардан фойдаланиш, ўқитиш ва техник хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлигимиз янги стандартларни ўрнатмоқда”, — деб таъкидлаган эди Мерц. Ўз навбатида, Стёре энергетик шерикликни кенгайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини излаш зарурлигини айтган.
“Стратегик технологиялар” соҳасида Берлин ва Осло “биргаликда жаҳон етакчиларига айланиш” ниятида, деди Мерц. “Норвегия, масалан, Европанинг космосга мустақил чиқиш имкониятини таъминлашда ҳал қилувчи ҳисса қўшмоқда”, — деди ўшанда федерал канцлер ва Норвегияни “космосга очиладиган дарвоза” деб атади.
https://www.dw.com/ru/kancler-frg-merc-strategiceskoe-partnerstvo-s-norvegiej-razvivaetsa-crezvycajno-horoso/a-76340935
Мавзуга оид
13:38
Германия разведка хизмати раҳбари собиқ ўринбосари Signal’да фишинг ҳужуми қурбони бўлди
14:28 / 12.03.2026
Германияда 16 ёшли украиналик иккита қотиллик учун 10 йилга қамалди
09:58 / 12.03.2026
Бундестаг раҳбари Клёкнер Киевда Германия қўлловини тасдиқлади
09:47 / 12.03.2026