Жаҳон | 10:35
606
3 дақиқада ўқилади

Германия мудофаа учун рекорд маблағ ажратади

Германия 2026 йил учун НАТОга мудофаа харажатлари 124,7 миллиард еврога етишини маълум қилди. Бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, НАТО давлатлари орасида АҚШдан кейин иккинчи энг катта мудофаа бюджети ҳисобланади.

Фото: REUTERS

НАТО Анқарада ўтаётган саммит арафасида аъзо давлатларнинг мудофаа харажатлари бўйича янгиланган ҳисоботини эълон қилди. Унда Германия 2026 йилда мудофаа соҳасига 124,7 миллиард евро ажратишини маълум қилган.

Бу ўтган йилга нисбатан 25,5 фоизга кўпдир. Таққослаш учун, 2025 йилда Германиянинг мудофаа харажатлари 99,3 миллиард еврони ташкил этган. Шундай қилиб, бир йил ичида харажатлар 25,4 миллиард еврога ошган бўлиб, бу мамлакат тарихидаги энг йирик ўсиш сифатида баҳоланмоқда.

НАТО ҳисоб-китобларига кўра, Германиянинг мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 2,69 фоизига тенг бўлади. 2025 йилда бу кўрсаткич 2,22 фоизни ташкил этган.

DPA агентлиги таъкидлашича, НАТО бош котиби Марк Рютте ва Европа давлатлари ушбу рақамлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Европа давлатлари мудофаа харажатлари бўйича танқидларини юмшатишига умид қилмоқда.

Аввалроқ Трамп Европа давлатлари, хусусан Германиянинг мудофаага сарфлаётган маблағларини «кулгили даражада паст» деб баҳолаган эди. Бироқ Германия канцлери Фридрих Мерц ҳамда НАТО раҳбари Марк Рютте бу фикрга қўшилмайди.

Рюттенинг таъкидлашича, фақат ўтган йилнинг ўзидаёқ Европа давлатлари ва Канада мудофаа харажатларини қарийб 20 фоизга ошириб, қўшимча 139 миллиард доллар сарфлаган. 2025–2026 йилларни биргаликда ҳисоблаганда эса ўсиш 258 миллиард долларга етади.

Шу билан бирга, Financial Times нашрининг ёзишича, Германия 2030 йилга қадар мудофаа соҳасини молиялаштириш учун 800 миллиард евродан ортиқ маблағни қарз ҳисобидан жалб қилишни режалаштирмоқда. Фақат 2027 йилнинг ўзида мамлакат 200 миллиард евродан зиёд давлат облигацияларини чиқариши кутилмоқда.

Бу маблағлар асосан мудофаа бюджетига йўналтирилади. Режага кўра, Германиянинг мудофаа харажатлари 2030 йилга келиб 183,6 миллиард еврога етади ва мамлакат давлат бюджети харажатларининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади.

Шунга қарамай, НАТО давлатлари умумий мудофаа харажатлари бўйича ҳали ҳам АҚШдан анча ортда қолмоқда. 2026 йилда АҚШ мудофаа соҳасига тахминан 850,2 миллиард доллар (қарийб 745 миллиард евро) сарфлаши кутилмоқда. Бу НАТОнинг бошқа барча давлатлари умумий харажатларидан сезиларли даражада юқори ҳисобланади.

Янгиланган маълумотларга кўра, 2026 йилда НАТОга аъзо 32 давлатдан бештаси — Греция, Полша, Латвия, Литва ва Эстония мудофаага ЯИМнинг камида 5 фоизини ажратиш мақсадига эришади.

НАТО давлатлари ўтган йили Ҳаага саммитида 2035 йилга қадар мудофаа харажатларини ЯИМнинг камида 3,5 фоизига етказиш ҳамда яна 1,5 фоизни мудофаа билан боғлиқ инфратузилма ва бошқа эҳтиёжларга йўналтириш бўйича келишувга эришган эди.

Айни вақтда Белгия, Испания ва Чехия 2026 йилда ҳам мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизи атрофида сақлаб қолиши кутилмоқда. Словения эса ушбу кўрсаткичдан ҳам паст даражага тушиши прогноз қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид