Жаҳон | 15:49
1805
4 дақиқада ўқилади

FT: ЕИда Эрон билан Ҳўрмуз бўғозини очиш масаласи муҳокама қилинмоқда

Франция ва Италияни ҳам ўз ичига олган қатор Европа мамлакатлари ўз кемаларининг Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиши кафолатлари бўйича Эрон билан музокараларни бошлади, деб ёзади Financial Times газетаси. Рим бу жараёнда иштирок этаётганини инкор этмоқда, Париж эса изоҳ бермаяпти.

Фото: NASA Earth Observatory/AFP

Бир неча Европа мамлакати Теҳрон билан ўз кемаларининг Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтишини кафолатлайдиган келишув тузиш юзасидан дастлабки музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 13 март, жума куни, муҳокамалар боришидан хабардор манбаларга таяниб Британиянинг Financial Times (FT) газетаси хабар қилди. Муҳокамаларнинг мақсади — Форс кўрфазидан энергия ташувчилар етказиб беришни қайта тиклаш.

Номи очиқланмаган икки амалдорнинг сўзларига кўра, музокараларда Франция иштирок этмоқда. Улардан бири Италия ҳам бу масалада Теҳрон билан муҳокама бошлашга уринганини айтган. Шу билан бирга, ҳар икки суҳбатдош ҳам музокаралар олға силжишига ёки Эрон умуман бу мавзуда гаплашишга тайёрлигига ҳеч қандай кафолат йўқлигини таъкидлаган.

Италия ҳукумати шу куниёқ Эрон билан бошланган музокаралар ҳақидаги маълумотни рад этди. Италия бош вазири Жоржа Мелони идорасига яқин dpa агентлиги манбаларининг билдиришича, Италия кемаларининг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишини таъминлаш масаласида Эрон билан ҳеч қандай “икки томонлама музокаралар ёки тўғридан тўғри алоқалар” бўлмаган.

Италия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбалар эса дипломатик мулоқотлар давомида “умумий ҳарбий деэскалация учун шароит яратиш” мақсад қилинганини, аммо айрим савдо кемаларини бошқалари ҳисобига сақлаб қолишга қаратилган ҳеч қандай ёпиқ музокаралар олиб борилмаётганини айтган.

Елисей саройи dpa'нинг изоҳ сўровига жавоб бермаган. Франция президенти Эммануэл Макрон эса бундан аввал, агар можаро пасайса, Париж кемаларга ҳамроҳлик қилишда иштирок этишга тайёр эканини билдирган эди.

Европа ҳукуматлари Ҳўрмуз бўғозининг узоқ муддат тўсиб қўйилиши сабабли етказиб беришдаги узилишлар корхоналар ва хонадонлар учун энергия ташувчилар нархининг янада ошиб кетишига олиб келиши, қитъанинг иқтисодий муаммоларини янада оғирлаштириши ва миллий бюджетларга тушадиган юкни кучайтириши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади FT.

Бундан аввал Италия, Франция ва Греция Европа Иттифоқининг Aspides ҳарбий-денгиз миссияси доирасида ўз ҳарбий кемаларини Қизил денгизда жойлаштирган эди. Аммо нашр манбаларига кўра, ҳозирча бирон-бир Европа флоти можаро кескинлашиб кетишидан қўрққани учун кемаларни бўғоз орқали кузатиб ўтишга тайёр эмас.

Амалдорлардан бирининг айтишича, қатор Европа давлатлари Эрон билан мулоқот йўлга қўйишга бўлган уринишларга қарши чиққан. Гап айнан қайси давлатлар ҳақида кетаётганига у аниқлик киритмаган. Суҳбатдош шундай деган: “Айримлар биз эронликлар билан гаплашишимиз керак, деб ҳисоблайди. Аммо [ЕИ давлатлари] бу масалада мутлақо турлича қарашларга эга, бу эса вазиятни мураккаблаштирмоқда”.

Британия амалдорларининг сўзларига кўра, Буюк Британия Эрон билан бўғоздан фойдаланиш масаласида тўғридан тўғри музокаралар олиб бормаяпти. Бироқ ташқи ишлар раҳбари Иветт Купер нефт етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш масалаларини Форс кўрфази мамлакатлари билан муҳокама қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид