Жорий йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ракета зарбалари бера бошлади. Форслар ҳам қараб турмади, Исроил ҳамда Араб кўрфази атрофида жойлашган давлатларга жавоб зарбалари йўллади. Вазият таҳликали бўлиб турган пайтда Покистон Мудофаа кучлари қўмондони, фелдмаршал Асим Мунир катта саҳнага чиқди ва унинг саъй-ҳаракатлари билан томонлар сулҳга кўнди.

Дунё сиёсатида қандайдир келишмовчилик ёки қуролли можаролар рўй берганда ўртага воситачилар тушади ва томонларни яраштиришга, жиллақурса сулҳга кўндиришга уриниб кўради.

Одатда бундай воситачилар ҳар икки томон билан алоқалари яхши бўлган ва таъсир кучига эга инсонлар орасидан чиқади.

Узоққа бормайлик, 2022 йил 24 февралда Россия Украинга ҳужум қилиб, икки давлат ўртасида уруш бошланганда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонларга воситачилик қилишга уринди.

Чунки Туркия ҳар доим Россия билан ҳам, Украина билан ҳам дўстона муносабатда бўлган.

Бундан қарийб икки ой аввал АҚШ ҳамда Исроил Эронга ракетада зарбалар бера бошлаганда ва форслар бунга жавоб қайтаришга ўтганда аввалига томонларни сулҳга ундайдиган воситачи чиқмади.

Сўнг жаҳон ОАВларида Покистон Мудофаа кучлари қўмондони, фелдмаршал Асим Мунир томонлар ўртасида воситачилик қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хўш, Асим Мунир ким ва у қай тарзда Покистон Мудофаа кучлари қўмондони бўлди? Қандай қилиб АҚШ ва Эрон ўртасида асосий воситачига айланди? Қуйида шу саволларга жавоб топиб кўрамиз.

Ҳарбийликка қизиққан ўқитувчи-имомнинг фарзанди

Асим Мунир 1968 йилда Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Равалпинди шаҳрида, мактаб ўқитувчиси ва шу билан бирга маҳалла масжиди имоми бўлган Мунир Аҳмад хонадонида туғилади.

Асимнинг ота-онаси асли Шарқий Панжобдан бўлиб, 1947 йилда Ҳиндистон иккига бўлинганда Покистон Панжобига кўчиб ўтади.

Ёшлигида кўплаб покистонлик ўсмирлар қатори мадрасада таълим олган Асим кейинчалик ҳарбий соҳага қизиқади ва шу йўналишда таълим олади.

1986 йилда 18 ёшли Асим Мунир зобитлар мактабини тугатади ва битирувчилар орасидаги энг яхши курсант деб топилади.