Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мен Белбеков Жандосман” – Ўзбекистонда киберфирибгарлар янги найранг ўйлаб топди
Шу кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Асроржон Асқаров номидан тизимида фаолият юритаётган масъул ходимларга махфий топшириқ бора бошлади. Унда “яқин вақт ичида ДХХ ходими Белбеков Жандос боғланиб, бир қатор саволлар бериши ва муаммо моҳиятини тушунтириши” айтилган. Ушбу маълумот қатъий махфий ҳисобланиши маълум қилинган. Жандос Белбеков ким ва у қўнғироқ қилганида қандай саволлар беради?
Сўнгги вақтларда кибержиноят оламида Жандос Белбеков исми бот-бот такрорлана бошлади. Бу исмга алданиб, боридан айрилганлар ҳам талайгина. Хўш, Жандос Белбеков ким ва бу исмдан фирибгарлар томонидан қандай қурол сифатида фойдаланилмоқда?
Жиноий схема
Telegram ёки телефон орқали номаълум шахс алоқага чиқади. У ўзини Давлат хавфсизлик хизмати терговчиси майор Жандос Белбеков деб таништиради. Жиддий оҳангдаги бу таништирув ҳар қандай кишини бир лаҳзада ўйлантириб қўяди. Ушбу психологик ҳужумдан сўнг у мақсадга ўтади.
“Жандос Белбеков” банк ҳисобрақамига киберҳужум бўлаётганини маълум қилади. Тез орада Марказий банк ходими боғланиб, ҳисобрақамларни блоклаб беришини билдиради. Шу билан алоқа тугайди.
Кўп ўтмай ўзини Марказий банк ходими деб таништирадиган эркак алоқага чиқади. Кўп ҳолларда унинг исми “Дмитрий” бўлади. У “номаълум шахс томонидан сизнинг номингизга турли банклардан кредит расмийлаштирилмоқда. Пул ўтказмалари шубҳали бўляпти”, дейди.
Шундан сўнг “Дмитрий” алоқага чиққан одамидан айни вақтда қаерда эканини сўрайди. Жавобдан сўнг энг яқин банкка бориб, ўз номига каттароқ суммада кредит расмийлаштиришни айтади. “Бу орқали номингизга бошқа банклардан расмийлаштирилаётган кредитларни тўхтатиш мумкин”, дея маълум қилади у.
Шу тариқа, “Дмитрий” нишонга олинган шахсни бошқара бошлайди. Унга кредит олдиртириб, гўёки суммани сўндиришини, бу “номаълум шахслар кредит расмийлаштириб олишини тўхтатиш учун молиявий айланма” эканини айтган ҳолда ўзи томонидан тақдим қилинган банк картасига ўтказдириб олади.
“Погони”да хатолик бор эди”
Ўзбекистонда ушбу жиноий схемага алданганлар талайгина. Масалан, Қарши шаҳрида яшовчи эркак “Жандос Белбеков”га чув тушганлардан бири.
У ўзини Марказий банк ходими деб таништирган “Дмитрий”нинг кўрсатмаси билан битта банкдан 100 млн сўм кредит олиб, шунинг 92 млн сўмини Аят Алламуратов номига расмийлаштирилган банк картасига ўтказиб берган. Иккинчи банкдан эса 18 млн сўм кредит расмийлаштирган ва унинг устига ўзидан қўшган ҳолда 25 млн сўм қилиб, “Дмитрий” тақдим қилган банк картасига PTP кўринишида ўтказиб берган.
Шу тариқа “ўлжа” учинчи банкка йўналтирилган. Аммо шу нуқтага келганда жабрланувчи шубҳалана бошлаган.
“Сўнг менга терговчи “Жандос Белбеков” билан гаплашиб олишим кераклигини маълум қилишди. Мен унга алоқага чиқиб, видеоқўнғироқ орқали гаплашиб олишни айтдим. У видеоқўнғироқ қилди. Тахминан 28-30 ёшдаги соқолли шахс экан. Эгнидаги хизмат кийими “погони”да хатолик борлигини кўрганимдан сўнг шубҳаландим ва бўлиб ўтган ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилдим”, деган жабрланувчи судда.
Ушбу жиноятни Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи 25 ёшли йигит содир қилгани аниқланган. Бироқ судланувчи судда бу қилмишига иқрор бўлмаган ва ҳеч кимни алдамаганини билдирган. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2025 йил 14 ноябрдаги ҳукми билан судланувчи жиноий жазога тортилган.
Ушбу суд ишидан сўнг ҳам “Жандос Белбеков” исмига оид фирибгарликлар тўхтамади. Бу исмдан ҳозирги кунга қадар киберқурол сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Махфий топшириқ
Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади: молиявий пирамидалардан, киберфирибгарлардан куйганлар ёки бу ҳақда эшитганларда бундай турдаги алдовларга қарши “иммунитет” шаклланиб бормоқда. Бу эса фирибгарларни янги усуллар ўйлаб топишга мажбурлаяпти. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда шундай ҳолатлардан бири кузатилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Асроржон Асқаров номидан тизимида фаолият юритаётган масъул ходимларга махфий топшириқ бора бошлаган. Унда “яқин вақт ичида ДХХ ходими Белбеков Жандос боғланиб, бир қатор саволлар бериши” айтилган.
“Ҳозирда бизда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вакиллари шахсий маълумотларининг ноқонуний тарқалиши билан боғлиқ ички текширув ўтказилмоқда. Яқин вақт ичида сиз билан ДХХ ходими Белбеков Жандос боғланиб, бир қатор саволлар беради ва муаммо моҳиятини батафсил тушунтиради. Илтимос, ушбу маълумот қатъий махфий ҳисобланишини инобатга олинг. Текширув жараёни ва мазкур хабар мазмунини ҳеч кимга, жумладан, ҳамкасбларингизга ҳам ошкор этманг. Ҳамкорлигингиз ва профессионаллигингиз учун раҳмат”, дейилади бошқарув раиси номидан борган хабарда.

Аслида бу хабар фейк бўлиб, Асроржон Асқаров номига очилган сохта профилдан жўнатилган. Сўнгра ушбу хабар жўнатилган тизим вакилларига алоқага чиқилиб, юқорида жиноий схема орқали чув тушириш мақсад қилинган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, тизим ходимларини огоҳлантирган ва бу хабарга ишонмасликни сўраган.
Ушбу усул исталган ташкилот ёки корхонада такрорланиши ва бунга ишонганлар чув тушиши мумкин.
Нима қилиш керак?
Бу турдаги киберфирибгарликлардан ҳимояланишнинг энг яхши усулларидан бири номингизга кредит олишни чеклаб қўйиш. Бу жуда оддий.
Play Market’дан OneID иловасини юклаб олинг.

Ушбу илованинг бошқарув бўлимига кириб, қидирув қисмига тегишли банк номини киритасиз. Керакли банкни топиб олгач, биргина тугмани босиш орқали ўз номингизга кредит олишни чеклаш ёки чекловни олиб ташлашингиз мумкин. Айни вақтда кўпчилик учун ўз номига кредит олиш имконияти автоматик чеклаб қўйилган.

Шунингдек, фирибгарларга алданиб қолмаслик учун шахсий маълумотлар сўралган ҳар қандай ҳолат ишончли манбалардан текшириб кўрилиши тавсия этилади.