Жамият | 15:57
1838
2 дақиқада ўқилади

“Судга чақирилдингиз” – Telegram’да зарарли APK файллари тарқатилмоқда

APK файллари киберфирибгарлар учун телефонингизни очиб берувчи “калит” ҳисобланади. Бундай файлларни очиш шахсий маълумотларни уларга қўшқўллаб топширишдай гап.

Фото: Julikam.net

Telegram’да судга чақирув билан боғлиқ APK файллари тарқатилмоқда. Бундай файлларни очиш ёки зарарли ҳаволаларга кириш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Очса нима бўлади?

“Суд чақируви” ҳар қандай одамни қизиқтириб қўяди. Айниқса, хабарнома аккаунт эгасининг исмига ёзилгани кўпчиликни APK файлни очишга ундайди. Чунки аккаунт эгасида “мени ким судга берди экан?”, “қаерда нима хато қилдим?” деган саволларни уйғотади. Аслида киберфирибгарларнинг мақсади ҳам ушбу файлларни очишга ундашдир.

APK файллари киберфирибгарлар учун ўзгалар телефонини очиб берувчи “калит” ҳисобланади. Уларни очиш ёки зарарли ҳаволаларга кириш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

APK файллари очилса, киберфирибгар қуйидагиларни қўлга киритиши мумкин:

  • шахсий маълумотлар;
  • аккаунтга рухсатсиз кириш;
  • телефон аппаратини масофадан бошқариш;
  • телефондаги молиявий иловалардан пул ўғирлаш;
  • аккаунт номидан унинг танишларига зарарли файллар жўнатиш ва бошқалар.

Шу сабабли, файл манбаси ишончли бўлмаса, уни очиш ва ўрнатиш тавсия этилмайди.

Тавсиялар

Агар шубҳали илова очилиб, телефон қурилмасига ўрнатиб юборилган бўлса, қуйидаги чораларни кўриш тавсия қилинади:

  • интернетни ўчириш ёки телефонни парвоз режимига ўтказиш;
  • телефон созламалари орқали шубҳали иловани дарҳол ўчириб ташлаш;
  • муаммо сақланса, қурилмани текшириш учун мутахассисга мурожаат қилиш;
  • тўлов дастурлари (Payme, Click, Paynet ёки бошқа банк иловалари) созламаларига кириб, у ердаги қурилмалар бўлимидан бегона қурилмаларни чиқариб юбориш;
  • пластик карта уланган телефон рақамини ўзгартириш.

Аввалроқ сирдарёлик йигит Telegram орқали тарқатилган APK файллари ёрдамида юзлаб фуқаролар банк карталаридан 2 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўғирлагани аниқланганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид