Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўлимни тезлаштираётган озиқ-овқатлар | SUBYEKTIV
Интернетда деярли ҳамма еяётган нарсаларимизни зарарли деб гап тарқатишяпти. Гармон уриладиган товуқлар, гўштдан арзон колбасалар, чўчқа желатинидан қилинадиган мармеладлар, саратонга сабаб бўлувчи энергетиклар, заҳарли ўсимлик мойлари ва ҳоказо. Учта “оқ заҳар” – шакар, оқ ун ва туз. Бу гапларнинг қай бири рост, қай бири шов-шувлигини ажратолмай қоляпмиз. SUBYEKTIV бир нечта тажриба ва изланишлар орқали мавзуга ойдинлик киритди. Биз нима еяпмиз? Бу кўрсатув энг биринчи эҳтиёжимиз бўлган озиқ-овқат масаласига бефарқ бўлмаганлар учун.
Ўйлаб кўринг-чи, ўқувчи фарзандингизга егулик сотиб олиш учун кунига неча сўм берасиз? Улар бу пулга яраша нималарни сотиб олишяпти?

Маҳсулотларнинг яроқлилик муддатига қизиқиш одат тусига айланиб бораётгани яхши. Энди тўғрисини айтинг, уларнинг таркиби, калориясини қачон қадоқдан ўқиб, қизиқиб кўрдингиз? Бу мавзуда кўп нарсани ўрганганимдан кейин гипермаркетга кириб, нима сотиб олишга ўйланиб қолдим. Демак, бу ҳақда ҳамма билиши керак бўлган гаплар кўп. Ўзи биз нима еяпмиз? Келинг, шу ҳақда яхшилаб ўрганамиз.Мен ўзим яқин-яқингача энергетик сувларни кўп ичардим. Атрофимда ҳамма огоҳлантирса ҳам, ҳеч қайтармасдим. Керак бўлса, фаст-фудларни ҳам реклама қилганмиз. Лекин бу кўрсатувни тайёрлаш учун кўп нарсаларни ўрганишим билан ҳозир мутлақо бошқача ҳаёт тарзига ўтдим. Ва бу маълумотларни сиз ҳам билишингиз керак. Айниқса, атрофимизда қанд касаллиги, саратон, семизлик кўпайиб бораётган Ўзбекистон шароитида бу мавзудан хабардорлик жуда муҳим.
Семириб кетдим...
Доимий ўтириб ишлаш, ҳар куни тушликка фаст фуд ва шакарли ичимликлар, камига ҳамма ёққа фақат машинада қатнаш – сизга ҳам таниш ҳаёт тарзими? Ҳар ой қанчадан семирдим, деб ўйлайсиз? Келинг, натижаларни ҳисоблаб чиқамиз.
Ҳаракатсизлик ва уйқудан иборат ҳаётимизда ўртача 1600-1700 килокалорияни кунлик табиий сарфлаймиз. Тушликка ўртача гамбургер, картошка фри ва кола — тахминан етти юз етмиш килокалория. Бу фақат тушлик. Ундан кейин офисда ўтирамиз ва бу калориянинг катта қисмини ёқмаймиз. Фаст-фуд ва шакарли ичимликлар ёғимизга ёғ бўлиб қўшилаверади.
Кечки овқатга бизни уйда тансиққина, ёғли таомлар кутиб турибди. Уларни ҳам босиб еймиз (ўртача 1000 ккалория). Газагига чой, ширинлик ёки нон қўшсак, кунлик калориямиз анчагина кўпаяди (жами 2000-2100 ккалория). Кунига тахминан 1650 килокалория ёқиб, тўрт юз — беш юз ошиқча калория ёқилмай, ёғ бўлиб йиғилаверди.

Танадаги бир килограмм ёғ тахминан 7700 ккалория бўлса, ойига тахминан икки килограммга вазним ошиб борди. Бу семириш тез эмас. Кўзга ташланмайди. Ҳеч қаер оғримайди. Ҳар куни ёқимли фаст фуд! Бир ойда “кескин ўзгариш” бўлмаса ҳам, 3 ойда қоринда ёғ йиғилди. Олти ойда семирганим яхшигина сезилди. Бир йилда эса бу аллақачон соғлиқка таъсир қила бошлади. Чунки тез тайёрланадиган таомлар ва шакарли ичимликлар вазн ортиши, инсулин қаршилиги ва 2-тоифа диабет ва юрак касалликлари хавфини ошириши аниқ эди.
Нега бугун аралашмалар тез тавсия қилиняпти?
Фарзандингиз туғилганда туғуруқҳона ҳамширалари она сути келмаяпти, болалар қўшимча озуқаси олиб келинг, деб ҳеч сўрашганми? Аслида ўта жиддий ҳолатларда, аниқ тиббий сабаб бўлсагина, халқ тилида айтиладиган “каша”лар шифокор томонидан ёзилиши мумкин. Янги туғилган чақалоқнинг тезроқ тинчланиши учун оналарга “сут етмаяпти” деган қўрқув баъзан сингдирилади. Аммо бу нарсалар ортида катта саноатнинг маркетинг маҳсулоти ҳам бор. Болалар бўтқаси маркетинги яширин бўлади. Улар телевизорда реклама қилинмайди. Шифокор маслаҳати, оналар гуруҳи, блогер тажрибаси кўринишида пиар қилинади. Рекламага сарфланадиган харажатлар эса шифокор учун чўтал, ҳамшираларга совға, корпоратив йиғилишлар кўринишида бўлади.
Болалар, зарарли егуликлар ва уларга қарши кураш
Кўплаб давлатларда шакарли маҳсулотлар “таом” эмас, хавфли одат сифатида тушунтирилади. Мактаблар атрофида ширинликлар сотишни тақиқлашади. Масалан, Чили, Мексика, Перуда шакарли, тузли, калорияси юқори маҳсулотлар махсус қора тамғалар билан сотилиши қатъий белгиланган. Болаларга қаратилган реклама тақиқланган. Мактаб дарсликларида ушбу белгилар алоҳида ўргатилади.

Натижада болалар ва катталар шакар, туз ва ёғни кўпроқ назорат қила бошлайди. Қора белгили маҳсулотлар “жуда зарарли” деб мияга сигнал боради. Болаларда “мен буни емаслигим керак” деган фикр шаклланади. Бунинг ортидан бу турдаги маҳсулотлар сотуви камайган. Брендлар ўз маҳсулотини қора белги бўлмаслиги учун соғломроқ қилиб қайта ишлаб чиқишга мажбур бўлган.
Японияда “Shokuiku” деб аталадиган давлат сиёсати бор. Унда болаларга бошланғич синфлардан қадоқдаги таркибни ўқиш, шакар, туз ва ёғ меъёри, ортиқча истеъмол зарарлари ўргатилади.
Бундан ташқари Финландия, Австралия, Канада каби давлатларда ҳам ўқувчиларга шакарли ичимликлар салбий мисол сифатида ўқитилади. Уларга маҳсулот қадоғини тушуниб ўқиш, шакарнинг яширин номларини тушуниш кўникмалари ўргатилади. Чунки унинг зарарини одамлар билгани сари ишлаб чиқарувчилар шакарни турли муқобил сўзлар остига бекитиб ёзишга ўтишган.

Бизда-чи? Ўзбекистонда бу борада нима гаплигига қизиқиб кўрдим. 2020 йилда чиққан президент қарорида 2025 йил 1 январдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан тамғаланиши мажбурий белгиланган экан. Яъни бу амалиёт бир йил олдин бошланиши керак бўлган. Лекин мен ҳали бундай тамғали маҳсулотларни излаб тополмадим. Президент қарори ижросига Соғлиқни соғлаш вазирлиги масъул қилинган. Агар ҳали ҳам амалиёта киритилмаган бўлса, бу саволни вазирлик учун очиқ қолдирамиз: биз қачондан бошлаб носоғлом маҳсулотларни қадоқда фарқлай оламиз?
Нега зарарли озиқ-овқатлар сотувига рухсат берилади?
ЖССТнинг таъкидлашича, барча йирик корпорацияларнинг асосий манфаати фойда. Йирик бозор улушига эга бўлиш кўпинча сиёсий кучга ҳам айланади. Фаст фуд, чипс, ширинлик ва газли ичимликлар катта фойда ва жуда кўп солиқ, дегани. Миллиард долларлик брендлар давлат учун иш ўринлари яратади. Қонунлар эса фақат тақиққа эмас, кўпроқ маълумот бериш ва огоҳлантиришга қаратилган. Давлатлар зарарли маҳсулотни умуман тақиқлай олмайди, чунки иқтисодий ва истеъмол ҳуқуқлари бор. Лекин солиқлар, мактаб атрофидаги чекловлар, визуал огоҳлантириш ва тарғибот орқали хавфни пасайтириш мумкин.
Зарарли емаклар маркетинги
Нега биз фильм кўраётганда эрмак учун чипс ёки шакарли бодроқ еймиз? Бу одат қаердан чиққан ўзи? Нима учун биз кино ёки кинотеатр деганда уларни тасаввур қиламиз? Кесилган ҳўл мевалар ё турли қуруқ мевалар аралашмасини фильм кўриб емаймиз? Чунки буни ҳам маркетинг бошқаради. Уларни эрмак қилиб ўтириш кинони қизиқарли ва севимли қилиб қўймайди. Бу бозор ҳам чипс ва бодроқ ишлаб чиқарувчилари томонидан усталик билан эгалланган.
Болалар озуқаси ёки турли шарбатлар рекламаларида ҳам қадоқ ҳикоя айтади. Ферма ёки серҳосил боғ, бахтли сигир, меҳр билан қўлда тайёрланган тасвирлар. Саноат ишлаб чиқариши унуттирилади. Улар таъм билан эмас, психология билан ютади.
Фаст фудлар, шакарли ичимликларнинг нега бунчалик севимлилиги ҳам бежизгамас. Улар турли тажрибаларда топилган шакар, ёғ ва тузнинг идеал нисбатидир. Бундан ташқари ортиқча сунъий таъм берувчилар ва соуслар ҳам бор. Айнан шулар мияда завқ марказини ёқади ва сизни ейишдан тўхтатиб бўлмайди.
Энди Японияга қаранг. У ерда кўпинча қайнатилган овқатлар, сабзавот ва асосан балиқ ейишади. Натижада дунёдаги энг узоқ умр кўрувчи халқлардан бири ҳам, семизлик даражаси жуда паст давлат ҳам Япония. Улар овқатни тўйиб эмас, етарли деб билганида тўхтатишади. Ёки Жанубий Кореяни олсак, у ерда ҳам сабзавот кўп, газли ичимлик кам. Аҳолида эса ичак саломатлиги яхши, семизлик даражаси паст. Корейслар кўп ейиши мумкин, аммо овқатларидаги калория жуда паст.
Тўғри овқатланиш қиммат ёки қийин эмас
Тўғри овқатланиш — бу ҳамма фастфуд, шакар ёки “зарарли” нарсалардан умрбод воз кечиш дегани эмас. Бу — қачон, қанча ва қанчалик тез-тез ейишни билиш дегани. Масалан, ош ёки хонимни ётиш олдидан кечқурун эмас, кундузи ейиш керак. Қиммат маҳсулот доимо фойдали дегани ҳам эмас. Диета сўзи қиммат овқатларни, тўғри овқатланиш эса эринчоқликни тасаввур қилдиради. Муаммо бир марта еб қўйишда эмас, кўп ейишларнинг одатга айланиб қолишида. Зарарли овқатларни асосий овқатга айлантиришда.

Нега унлар бугун “заҳар”га тенглаштириляпти?
Қўйсанг-чи, олдингилар шунча бақувват ва кўп ейишган. Улар нега касал бўлмаган, дейишингиз табиий. Рекламаларни ҳам эсласангиз, илгари фаст фуд, ширин ичимликлар, чипс, турли қарсилдоқлар, оқ унли маҳсулотлар, энергетиклар — ҳеч бири мавжуд эмасди.
Илгари овқатлар табиий ва кам қайта ишланган эди: дон, сабзавот, мева, гўшт ва балиқ асосий рационни ташкил қилган. Шакар, ёғ ва туз меъёрда бўлган, сунъий қўшимчалар деярли йўқ эди. Одамлар кўп ҳаракат қилган, меҳнат билан яшаган. Бугунги “офис + транспорт + фастфуд” муҳити ўшанда мавжуд эмасди.
Нон ҳам бошқача бўлган. У иккинчи ёки учинчи навли дондан, табиий хамиртуруш билан тайёрланган. Хамир секин етиштирилган, ферментация узоқ давом этган. Бу жараён глютенни қисман парчалаб, минералларнинг ўзлашишини осонлаштирган. Шунинг учун нон тўйимли, ҳазми енгил бўлган. Шакарли ичимликлар ва юқори калорияли маҳсулотлар кам истеъмол қилингани учун организмга ортиқча юк тушмаган.
Бугун эса саноат ишлаб чиқариши устувор. Олий навли оқ унда доннинг энг фойдали қисми — қобиғи ва уруғи — ажратиб ташланади. Қолгани асосан тез ҳазм бўладиган крахмал. Шу сабаб қонда шакар тез кўтарилади, очлик ҳисси тез қайтиб келади ва ортиқча вазн хавфи ошади. Унга қўшиладиган оқартирувчи ёки сақлаш муддатини узайтирувчи моддалар маҳсулотни чиройли ва қулай қилади, лекин унинг озиқлик қийматини оширмайди.
Саноат хамиртуруши ҳам фарқли. У тез ишлайди, ишлаб чиқаришни арзонлаштиради ва нонни қисқа вақтда тайёрлайди. Лекин табиий ферментация етарлича кечмагани учун баъзи одамларда дам бўлиш ёки ҳазм муаммолари кузатилиши мумкин. Табиий хамиртурушли нонда эса ферментация узоқ давом этгани сабаб қонда глюкоза секин кўтарилади ва тўйиш ҳисси узоқ сақланади.
Шуни англаш муҳим: уннинг ўзи заҳар эмас. Муаммо — унинг ҳаддан ташқари қайта ишлангани ва ортиқча истеъмолида. Илгари нон вақт ва сабр билан тайёрланган бўлса, бугун у тезлик ва оммавийлик учун ишлаб чиқарилмоқда.

Хулоса. “Барибир ўламиз-ку...”
Биз одатда “мен ҳали ёшман”, “бу фақат тушлик”, “ҳамма еяпти-ку” ёки “айнан менга тааллуқлимас” деган таскин билан яшаймиз. Лекин статистика шахсий таскинни инкор қилади. “Барибир ўламиз-ку” деган таскин гап билан ҳам ўзимизни овутамиз, тўғрими? “Ўлар-кетар замонда еб қолиш керак” дейдиган эътиборсизлар ҳам бор.
Улар аслида бугунги одатларини шундай оқлашади. Лекин ҳаёт фақат охири билан ўлчанмайди. Қандай яшаш билан ҳам ўлчанади. Тўғри, одатлардан воз кечиш қийин. Шу қийинчиликни ақл билан эмас, гап билан ёпамиз.
Тўғри овқатланиш умрни абадий қилмайди. Бу рост. Лекин у касаллик билан ўтадиган йилларни камайтириши мумкин. Фарқ шунда. Одам узоқ яшаши ҳам, қисқа яшаши ҳам мумкин. Лекин қийналиб яшаш ёки енгил яшаш танлов масаласига айланади.
Мавзуга оид
09:08 / 14.03.2026
Лаҳор–Тошкент йўналишидаги илк юк рейси 17 тонна гўшт олиб келди
08:41 / 14.03.2026
Тошкент шаҳри озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи бўлди
12:39 / 25.02.2026
Ҳудудлар кесимида озиқ-овқат ишлаб чиқариш: энг катта улуш Тошкент шаҳрида
11:31 / 17.02.2026