Ўзбекистон | 11:25
2596
2 дақиқада ўқилади

Аҳрор Бурҳонов Вашингтонда Ўзбекистоннинг илк бош консули бўлди

Аҳрор Бурҳонов АҚШнинг Вашингтон штатида Ўзбекистоннинг илк бош консули сифатида фаолиятини бошлади. У бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилиб, сўнгги уч йил давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби сифатида фаолият юритгани ва янги дипломатик вазифани бошлаётганини билдирган.

Фото: ТИВ

У ўз мурожаатида ушбу давр мобайнида биргаликда амалга оширилган ташаббуслар, лойиҳалар ва ҳамкорлик учун устозлар, ҳамкасблар ҳамда барча шерикларга миннатдорлик билдирган. Бурҳоновнинг таъкидлашича, ўтган йиллар унга катта тажриба ва муҳим сабоқлар берган.

Аҳрор Бурҳонов ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар соҳасида фаолият юритиб келаётган мутахассислардан бири ҳисобланади. У 2022 йилдан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби сифатида ишлаб, вазирлик фаолиятига оид ахборот сиёсати ва оммавий коммуникациялар йўналишида фаол иштирок этган.

Янги лавозимида у АҚШнинг Вашингтон штатида Ўзбекистон фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган дипломатик фаолиятни амалга оширади.

Вашингтон штатида Ўзбекистоннинг бош консуллигини ташкил этиш мамлакатнинг АҚШнинг ғарбий соҳилидаги ҳудудлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, инвестиция ва бизнес алоқаларини ривожлантириш ҳамда ўзбекистонлик фуқароларга консуллик хизматларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид