Жаҳон | 08:50
651
3 дақиқада ўқилади

Вашингтон: БМТ таҳдидлар учун жой эмас

АҚШ Россиянинг Латвия ва бошқа Болтиқбўйи давлатлари ҳудудидан Украина дронлари учирилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларини кескин қоралади. Вашингтон БМТни таҳдидлар учун майдон эмаслигини таъкидлаб, НАТО олдидаги мажбуриятларини бажаришда давом этишини билдирди.

Фото: Kun.uz

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя 19 май куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Кремль Украина Латвия ва бошқа Болтиқбўйи давлатлари ҳудудидан ҳужумчи дронларни учиришни режалаштираётгани ҳақида маълумотга эга эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, “НАТО аъзолиги бу давлатларни жавоб чораларидан ҳимоя қила олмайди”. Небензя Киев аллақачон Латвияга украин дрон бўлинмаларини жойлаштирганини ҳам иддао қилди. Шу билан бирга, у Россия разведкаси бундай дронлар учириладиган жойларни аниқлай олишини таъкидлади.

Латвиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вакили Санита Павлюта-Десландес Россия томонининг баёнотларини “соф уйдирма” деб атади.

Украинанинг БМТдаги доимий вакили Андрей Мельник ҳам шунга ўхшаш баёнот бериб, Россия армиясининг Украина фуқаролик аҳолисига қарши ҳужумлари 2026 йил май ойининг биринчи ярмини уруш бошланганидан буён энг қонли даврлардан бирига айлантирганини айтди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Тэмми Брюс Россия таҳдидларини қоралаб, БМТ “Хавфсизлик кенгаши аъзоларига таҳдид қилиш жойи эмас”лигини таъкидлади.

“АҚШ НАТО олдидаги барча мажбуриятларини бажаришда давом этади”, — деди у.

НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари олий қўмондони Алексус Гринкевич ҳам Латвияга қарши айбловларни “Россиянинг одатий айёрона усули” деб атади.

Шу билан бирга, Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудудида дронлар билан боғлиқ ҳолатлар давом этмоқда. 19 май куни эрталаб Эстония осмонида украин дрони уриб туширилди. Уни тутиб қолиш операцияси НАТОнинг Болтиқ денгизи ҳаво ҳудудини патрул қилиш миссияси томонидан амалга оширилган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий Россия радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида Украина дронларини атайлаб Болтиқбўйи давлатлари томон йўналтираётганини билдирди.

Шу куни Латвияда ҳам Россия томонидан учирилган бўлиши мумкин бўлган дрон сабаб икки марта ҳаво тревогаси эълон қилинди. Латвия Миллий қуролли кучлари маълумотига кўра, камида битта дрон мамлакат ҳаво ҳудудига кириб, кейин уни тарк этган.

Reuters агентлигининг ёзишича, ҳар икки ҳолатда ҳам НАТО Ҳаво полицияси қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид