Жамият | 08:26
1270
1 дақиқада ўқилади

Солиқ қарзини кечиктириш эвазига пул сўраган мансабдор фош этилди

Тошкент вилояти Бўка тумани Солиқ инспекцияси бош инспектори фермер хўжалиги раҳбаридан солиқ қарздорлигини тўлаш муддатини узайтириб бериш эвазига 10 млн сўм талаб қилган вақтида қўлга олинди.

Фото: ДХХ

У пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигининг солиқ органларида мавжуд бўлган 165,6 млн сўмлик қарздорлигини вилояти солиқ бошқармасидаги ҳамкасби орқали кечиктириб беришни ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пул маблағини ўз хизмат хонасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан бош инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни бундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирмоқда. Шахснинг сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид