Жаҳон | 14:18
1836
2 дақиқада ўқилади

Полша яна бир Россия разведка самолётини тўхтатиб қолди

Полша томони маълумотига кўра, Болтиқ денгизи устида тўхтатиб қолинган Россиянинг Ил-20 самолёти жорий йилдаги тўққизинчи разведка миссиясини бажараётган бўлган. У Полша ҳаво ҳудудини бузмаган.

Фото: X /DowOperSZ

Полша қирувчи самолётлари Болтиқ денгизи осмонида навбатдаги Россия разведка самолётини тўхтатиб қолди. Бу ҳақда Полша Қуролли кучлари Оператив қўмондонлиги 16 март, душанба куни хабар қилди. Иддао қилинишича, ҳодиса 13 март куни содир бўлган.

Қўмондонликнинг Х ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилишича, Полша Ҳарбий-ҳаво кучларининг икки МиГ-29 қирувчи самолёти Россиянинг Ил-20 самолётини «тўхтатиб қолган, визуал равишда идентификация қилган ва ўз масъулият зонасидан кузатиб чиққан».

Полша томони маълумотига кўра, ушбу самолёт «жорий йилда халқаро ҳаво ҳудудида амалга оширилган тўққизинчи разведка миссиясини» бажараётган бўлган.

Қўмондонлик таъкидлашича, самолёт транспондерини ўчирган ҳолда ҳаракатланган ва парвоз режасини тақдим этмаган. Полша ҳаво ҳудуди бузилгани қайд этилмаган.

Россиянинг Украинага қарши уруши фонида НАТО давлатлари бир неча бор дронлар ва самолётлар уларнинг ҳаво ҳудудига кириб келганини қайд этган. Айрим ҳодисалар Россия билан боғланади.

2025 йил сентябрида камида 19 та Россия дрони Полша чегарасини кесиб ўтган, уларнинг катта қисми Беларус ҳудудидан учиб келган. Уларни тўхтатиш учун Полша ва НАТОнинг бошқа давлатлари қирувчи самолётлари жалб этилган.

Варшава буни Россиянинг атайлаб уюштирилган ҳужуми деб баҳолаган ва Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашув ўтказишни сўраган. Москва эса бу айбловларни далилсиз деб атаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид