Ўзбекистон | 19:42 / 18.03.2026
2087
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинади

1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми «кешбек» сифатида қайтарилади.

Фото: Getty images

Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев туризм соҳасидаги вазифаларни белгилаб берди.

Халқаро туризм бозоридаги ноаниқлик ҳолатида Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича катта кампания бошланиши таъкидланди.

Бу жараёнда туризм учун энг қулай давр бўлган апрель-июнь ойлари бўйича алоҳида дастур тайёрланиб, “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинади.

Ушбу муддат давомида авиакомпанияларга янги рейсларни йўлга қўйиб, олиб келинган ҳар бир хорижий сайёҳ учун 100 доллардан субсидия берилади.

Бундай авиакомпанияларга аэропорт хизматлари учун 20 фоиз чегирма тақдим қилинади.

Йиғилишда маҳаллий туроператорлар учун ҳам янгиликлар эълон қилинди.

Хусусан, 1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми «кешбек» сифатида қайтарилади.

Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади.

Дунёдаги энг йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга саёҳат тарғиботи билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.

Жорий йилнинг ўзида дунёга машҳур бўлган камида 5 та санъаткорнинг гастролини, шунингдек, 10 та бизнес форуми ва мода фестивалини Самарқандда ўтказиш муҳим экани таъкидланди.

Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказадиган хабга айлантириш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессида ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ давлатдан 10 мингга яқин одам иштирок этиш истагини билдирган.

Мутасаддиларга мазкур йўналишдаги халқаро ташкилотлар билан ишлаб, махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бу имкониятлар ҳисобига Самарқандга йил якунигача 6 миллион турист олиб келиш мақсади белгилаб олинди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид