Жаҳон | 09:37
2668
3 дақиқада ўқилади

Россия КХДРдан 14,4 млрд долларлик ҳарбий ёрдам олди

Жанубий Корея таҳлилчилари Украинадаги икки йиллик уруш давомида Шимолий Кореянинг Россияга етказиб берган ёрдами қийматини ҳисоблаб чиқди. Москва Пхенянга асосан ҳарбий технологиялар билан ҳақ тўламоқда.

Фото: AP

Шимолий Корея Россияга қурол-яроғ етказиб, қўшин ҳам юборган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 7,67 миллиард доллардан 14,4 миллиард долларгача деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда 18 март, чоршанба куни Bloomberg агентлиги Жанубий Корея Миллий хавфсизлик стратегияси институтининг янги ҳисоботига таяниб хабар қилди. Ҳисоб-китоблар 2023 йил августидан 2025 йил декабригача бўлган даврни қамраб олади. Муаллифлар баҳолардаги катта фарқни ташилган ўқ-дорилар таркиби ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар чеклангани билан изоҳлайди.

Россия Пхенян билан ҳисоб-китобни асосан ҳарбий технологиялар ва юқори аниқликдаги бутловчи қисмларни топшириш орқали амалга оширмоқда, бундай юкларни сунъий йўлдош орқали кузатиш қийин. Улар улуши умумий компенсациянинг 80 фоизидан 96 фоизигача қисмини ташкил қилади. Ҳозирги баҳолаш давлатга қарашли Корея мудофаа таҳлиллари институтининг аввалги тадқиқотига нисбатан пастроқ. Ўша тадқиқот КХДРнинг Украинага қарши урушда иштирок этиш орқали олган даромадини 2023 йил июлидан 2025 йил мартигача бўлган давр учун 20 миллиард доллар деб баҳолаган эди.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка Россия ва КХДР раҳбарлари Владимир Путин ҳамда Ким Чен Ин томонидан 2024 йилда, Россия президентининг 24 йил ичидаги Шимолий Кореяга илк ташрифи чоғида имзоланган келишув асос бўлди. Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага кўра, томонлардан ҳар бири қуролли ҳужум юз берган тақдирда бошқа томонга “қўлидаги барча воситалар билан” ҳарбий ёрдам кўрсатиши шарт. Қўшин юбориш учун расмий важ сифатида Украина қуролли кучлари аскарларининг Курск вилоятига кириши кўрсатилган.

Шимолий Корея махсус кучларининг 1500 нафардан иборат биринчи гуруҳи 2024 йил 8 октябрдан 13 октябргача Россия Тинч океани флотига қарашли тўртта десант кемаси ва учта фрегат орқали Владивостокка олиб келинган. Ҳисобот муаллифи Лим Су Хонинг баҳосига кўра, илк қурол партиялари Россияга 2023 йил августида кела бошлаган, кенг кўламли етказиб бериш эса кейинги ойдаёқ йўлга қўйилган.

Урушда иштирок этиш Шимолий Кореяга иқтисодий ўсишни тезлаштириш имконини берди: Корея банки маълумотларига кўра, мамлакат ЯИМ 2024 йилда 3,7 фоизга ошган — бу 2016 йилдан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичидир. КХДРнинг номинал ялпи миллий даромади 2024 йилда тахминан 44,4 триллион вонни ташкил этган — бу Жанубий Корея мос кўрсаткичининг тахминан 1,7 фоизи демакдир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид