Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
SIPRI: Россия ҳарбий харажатлар ўсишининг энг юқори нуқтасидан ўтди
Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил якунларига биноан Россиянинг ҳарбий харажатлари реал ифодада, яъни инфляция ҳисобга олинган ҳолда, 13 фоизга қисқаради.
Фото: Anadolu Agency
Украина билан урушнинг дастлабки йилларида сезиларли даражада ўсганидан кейин, 2026 йилда Россиянинг ҳарбий харажатлари реал ифодада, яъни инфляция ҳисобга олинган ҳолда, илк бор қисқаради — 13 фоизга. Бу ҳақда Стокҳолм халқаро тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI)нинг институт катта илмий ходими Жулиан Купер томонидан тайёрланган ва 19 март, пайшанба куни эълон қилинган янги ҳисоботида айтилади. 2027 йилда, агар ҳукумат уч йиллик бюджет тўғрисидаги қонунга амал қилса (гарчи бу камдан-кам ҳолларда рўй берса ҳам), Купер ҳисоб-китобларига кўра, харажатлар аввалги даражада қолади, 2028 йилда эса қарийб 8 фоизга камаяди.
Россиянинг ҳарбий харажатларини таҳлил қилиш қийинлашиб бормоқда, чунки улар ҳақидаги очиқ маълумотлар ҳажми йил сайин камаймоқда. SIPRI ҳар йили баҳолашни эълон қилади, унда федерал бюджетнинг “Миллий мудофаа” банди бўйича очиқ ҳарбий харажатлар ҳам, бошқа моддалар бўйича харажатлар ҳам ҳисобга олинади, уларнинг кўп қисми махфий ҳисобланади.
2025 йилда Россиянинг ҳарбий харажатлари, Жулиан Купер ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 16 трлн рублни ташкил этган. Бу сумма ЯИМнинг 7,5 фоизига тўғри келади.
Шу билан бирга, эксперт амалдаги харажатлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини қайд этади. Январ ойида Россия Молия вазирлиги бюджетнинг умумий харажатлари аввал режалаштирилганидан тахминан 630 млрд рублга ошганини маълум қилган. Бу қўшимча ҳарбий сарф-харажатлар тахминан 250 млрд рублни ташкил этган бўлиши мумкинлигини, умумий ҳажм эса тахминан 16,2 трлн рублга етганини тахмин қилиш имконини беради.
Бюджет тўғрисидаги қонунга мувофиқ, асосий ҳарбий банд — “Миллий мудофаа” бўйича харажатлар 2026 йилда 12,93 трлн рубл, “Миллий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти” моддаси бўйича эса 3,91 трлн рублни ташкил этиши керак. Жами — 16,84 трлн рубл, яъни бу бандлар бўйича 2025 йилда режалаштирилган маблағ деярли шунча бўлган.
Жулиан Купернинг ҳисоб-китобларидан келиб чиқишича, ушбу ва бошқа бюджет моддаларига киритилган амалдаги ҳарбий харажатлар атиги 14,9 трлн рублни (ЯИМнинг 6,3 фоизи) ташкил этади. Натижада, реал ифодада, яъни инфляция ҳисобга олинганда, Россия ўтган йилга нисбатан 13 фоизга кам маблағ сарфлаши керак бўлади. 2027 йилда ҳарбий харажатлар 15,7 трлн рублни ташкил этиши кутилмоқда (йилма-йил реал ифодада +0,1 фоиз), 2028 йилда эса 15,3 трлн рублга тушади (-7,8 фоиз).
Шу билан бирга, SIPRI эксперти реал харажатлар, худди ўтган йилларда бўлгани каби, режадан четга чиқиши мумкинлигини ҳам қайд этади. Россиядаги иқтисодий вазият шунчалик беқарорки, узоқ муддатли бюджет параметрларини якуний деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Мавзуга оид
12:29
ЕИ йил охиригача Россия СТГдан воз кечишни режалаштирмоқда
12:27
Эстония Россияни ҳаво ҳудудини бузишда айблади
10:21
Дума: россияликлар ҳибсга олинганда, қуролли кучларни хорижга юбориш ҳақидаги лойиҳа киритилди
19:11 / 19.03.2026