Ўзбекистон | 10:01
659
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: қишлоқ ва маҳаллаларга Янги Ўзбекистон руҳи кириб бормоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз тантаналарида сўзлаб, бугун барча ҳудудлар, қишлоқ ва овуллар, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича катта ҳаракат бошланганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари қайд этганидек, мамлакатнинг барча ҳудудларида, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда кенг кўламли янгиланиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистон ғояси амалда ҳар бир ҳудудга кириб бораётганининг яққол ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Президент сўзларига кўра, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида улкан қадамлар ташланмоқда. Шу билан бирга, замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев келгусида бундай қурилишлар ва ободонлаштириш ишлари кўлами янада кенгайтирилишини алоҳида таъкидлади.

Давлат раҳбари ушбу қутлуғ айёмда миришкор деҳқон ва фермерларга ҳам алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билдирди. Уларнинг халқ дастурхонини тўкин ва фаровон қилиш йўлидаги фидокорона меҳнати юксак баҳоланди.

“Чунки сизларнинг олийжаноб меҳнатингиз билан халқимизнинг ризқ-у насибаси бутун бўлади. Бу борада давлатимиз, жамиятимиз сизларни доимо қўллаб-қувватлайди”, деди президент.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар марказдан энг олис қишлоқ ва маҳаллаларгача етиб бориб, аҳоли ҳаётида реал ўзгаришлар яратишга хизмат қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид