Ўзбекистон | 10:06
482
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Маҳалла — она юртимизнинг гўзал тимсоли

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз тантаналарида сўзлаб, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни она юртнинг гўзал тимсоли сифатида таърифлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, маҳалла тушунчаси ҳар бир юртдошимиз учун муқаддас қадрият бўлиб, у халқимизнинг бирдамлиги, бағрикенглиги ва ўзаро меҳр-оқибатини ўзида мужассам этади.

Президент “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида бу борада кенг кўламли дастур ва режалар амалга оширилаётганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев маҳаллада тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, эзгулик ва адолатни қарор топтиришда отахон ва онахонлар, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда фаол фуқароларнинг иштироки айниқса муҳим эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари ушбу жараёнларда маҳалла тизими вакилларига катта ишонч билдириб, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини юксак баҳолади.

Шунингдек, президент эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан барча маҳалла раислари ва фаолларини, бутун юртдошларни самимий табриклаб, уларга янги ютуқ ва муваффақиятлар тилади.

Қайд этилганидек, маҳалла институти мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва жамиятни янада бирлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид