Иқтисодиёт | 12:24
619
2 дақиқада ўқилади

British Petroleum Ўзбекистон энергетика бозорига қизиқиш билдирмоқда

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов British Petroleum трансмиллий компаниясининг халқаро ривожланиш департаменти раҳбари Майкл Денисон билан учрашув ўтказди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабар беришича, мулоқот давомида Британия компанияси вакили жорий йилнинг 26 феврал куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация ҳамда BP раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижаларини юқори баҳолади.

Қайд этилишича, мазкур учрашув ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, кенг кўламли инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратган.

Британия томони энергетика соҳасида, хусусан, углеводород ресурсларини қидириш ва қазиб олиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида Ўзбекистон билан тизимли ва узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.

Шу билан бирга, бундай ҳамкорлик Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва мамлакат энергетика салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув якунида BP делегациясининг V Тошкент халқаро инвестиция форумида юқори даражада иштирок этишга тайёрлиги маълум қилинди. Томонлар ушбу майдон икки томонлама алоқаларни янада фаоллаштириш ва янги инвестиция келишувларини илгари суриш учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид