Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
BP Устюртдаги йирик газ лойиҳасига қўшилди
«Ўзбекнефтгаз», Озарбойжоннинг SOCAR ва Буюк Британиянинг BP (собиқ British Petroleum) компаниялари ўртасида маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланди. Келишув Устюртдаги газ конларидан 6 та блокни қамраб олади. Лойиҳадаги улушлар қуйидагича тақсимланган: BP — 40 фоиз, SOCAR — 30 фоиз, «Ўзбекнефтгаз» — 30 фоиз.
Фото: Энергетика вазирлиги
«Ўзбекистон нефт ва гази — 2026» халқаро конференцияси доирасида «Ўзбекнефтгаз», Озарбойжоннинг SOCAR ва Буюк Британиянинг BP компаниялари ўртасида маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маросимда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, SOCAR президенти Ровшан Нажаф ҳамда BPʼнинг Озарбойжон, Грузия ва Туркия бўйича минтақавий президенти Жованни Кристофоли иштирок этди.

Маҳсулот тақсимоти битими Қорақалпоғистондаги Устюрт минтақасида жойлашган Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларини қамраб олади.
«Мазкур лойиҳа компаниянинг Ўзбекистондаги илк ташаббуси бўлиб, у «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR билан ҳамкорликда амалга оширилади. Катта ресурс салоҳиятига эга бўлган ушбу лойиҳа нефт-газ ресурсларини қидириш ва ўзлаштириш ишларини амалга ошириш, узоқ муддатли манфаатлар яратишга хизмат қилади. Шунингдек, мазкур маҳсулот тақсимотига оид битим (МТБ) BP компаниясининг кидирув портфелини кенгайтириш ва узоқ муддатли ўсиш стратегиясининг муҳим қисми экани қайд этилди», дейилади вазирлик хабарида.

Лойиҳадаги улушлар қуйидагича тақсимланган: BP — 40 фоиз, SOCAR — 30 фоиз, «Ўзбекнефтгаз» — 30 фоиз.
Маълумот учун, 2025 йил 24 июлда SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида Ўзбекистон ҳудудида жойлашган инвестиция блокларида геология-қидирув ишлари лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Қидирув, ишлаб чиқиш ва маҳсулот тақсимоти тўғрисида»ги битим имзоланганди. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа доирасида 100 млн тоннагача нефт ва 35 млрд куб метр газ захиралари аниқланиши мумкин. Режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми 2 млрд доллар миқдорида баҳоланганди.

Мавзуга оид
17:23 / 12.05.2026
Қуёш панели ўрнатган корхоналардан электрнинг харид нархи пасайтирилиши мумкин
09:00 / 10.05.2026
Бекор бўлган пешлавҳа “солиғи”, anti-SLAPP зарурати ва ССВда истеъфолар — ҳафта дайжести
19:03 / 07.05.2026
Отабек Бакиров: “Ёлғон ахборот тарқатиш ҳақидаги модда сўз эркинлигини торайтиряпти”
15:24 / 07.05.2026