Жаҳон | 11:22
2200
3 дақиқада ўқилади

Қатарда ҳарбий вертолёт ҳалокати: етти киши вафот этди

Қатар ҲҲК вертолёти “режали топшириқ”ни бажараётган пайтда мамлакат ҳудудий сувларига қулаб тушди. Қатар Эрон томонидан бир неча бор ўққа тутилган бўлса-да, ҳозирча ушбу ҳодисанинг жанговар ҳаракатлар билан боғлиқлиги аниқланмаган.

Фото: AA

Қатар ҳарбий-ҳаво кучлари вертолётининг мамлакат ҳудудий сувлари устида парвоз пайтида ҳалокатга учраши оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 22 март, якшанба куни Қатар ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Бундан олдин бортда бўлган олти кишининг жасадлари топилгани, яна бир киши — вертолётнинг иккинчи учувчиси бедарак йўқолганлар қаторида экани хабар қилинган эди.

Доҳадаги ҳукумат вертолёт техник носозлик сабаб ҳалокатга учраганини билдирди. Қатар мудофаа вазирлиги эса бундан аввал ҳодиса режали топшириқни бажариш чоғида содир бўлганини маълум қилган эди. Ҳокимият вертолёт тури ва экипаж миссиясининг хусусияти ҳақида батафсил маълумот бермади.

Қатар ҳокимияти маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари Қатар ҳарбий хизматчилари, қолган уч нафари эса Туркия фуқаролари бўлган.

Анқарада аниқлик киритилишича, ҳалокатга учраган вертолёт бортида бир нафар турк ҳарбийси ва Aselsan ҳарбий-саноат корпорациясининг икки нафар техник мутахассиси бўлган.

Қатар, Форс кўрфазидаги бошқа давлатлар каби, Исроил ва АҚШнинг Ислом Республикасига қарши уруши бошланганидан бери Эрон ҳужумларига бир неча бор дуч келган. Бироқ ҳозирча вертолёт ҳалокатининг ҳарбий ҳаракатлар билан эҳтимолий боғлиқлиги ҳақида хабар берилмаган.

АҚШ ва Исроил 28 февралдан буён Эронга авиация зарбаларини бермоқда. Бу ҳужумлар натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳамда куч ишлатар тузилмалар вакиллари ҳалок бўлган.

Эрон эса жавоб тариқасида Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотларига кўра, бу ҳужумлардан мақсад минтақадаги Америка ҳарбий базалари ҳисобланади.

Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги бир қатор мамлакатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган. Бундан ташқари, уруш бошланганидан бери Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига вақтинча раислик қилаётган Кипр ҳам жабр кўрган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид