Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суданда шифохонага ҳужум: ўнлаб қурбонлар
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус маълумотига кўра, Суданнинг Ад-Дуэйм шаҳридаги шифохонага қилинган ҳужум натижасида 64 киши ҳалок бўлган, 89 киши яраланган. RSF исёнчилари бу ҳужум учун масъулиятни Судан қуролли кучлари зиммасига юкламоқда, аммо улар айбни рад этмоқда.
Фото: X / DrTedros
Суданда Ад-Дуэйм шаҳридаги шифохонага қилинган ҳужум оқибатида камида 64 киши, жумладан 13 нафар бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус 21 март, шанба куни X тармоғидаги микроблогида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, яна 89 киши, жумладан 8 нафар тиббиёт ходими яраланган.
2023 йил апрелидан буён Судан Қуролли кучларига қарши уруш олиб бораётган Судандаги ҳарбийлаштирилган исёнчи гуруҳ — Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) шифохонага қилинган ҳужумда Судан армиясини айблади. RSF иддаосига кўра, ҳужумда турк дронларидан фойдаланилган. Судан Қуролли кучлари эса бу айбловларни рад этиб, RSF'га қарши курашда халқаро қонунлар ва қоидаларга амал қилаётганини билдирди.
Ад-Дуэйм шаҳри Суданнинг ғарбий қисмидаги Шарқий Дарфур вилоятида жойлашган бўлиб, у RSF исёнчи кучлари назорати остида. ЖССТ маълумотига кўра, маҳаллий шифохонага, у ерда бўлажак тиббиёт ходимлари таҳсил олаётган пайтда, 20 март куни кечқурун ҳужум қилинган. Тиббиёт муассасаси “оғир қуроллар”дан ўққа тутилган.
Ҳужум натижасида болалар бўлими, туғуруқ бўлими ва шошилинч тиббий ёрдам бўлими зарар кўрган. Гебрейесуснинг аниқлаштиришича, бир нафар шифокор, икки нафар ҳамшира ва кўплаб беморлар ҳалок бўлган. Катта зарар етказилгани сабабли шифохона ҳужумдан кейин ўз фаолиятини қайта тиклай олмаган.
БМТнинг Судандаги ҳуманитар масалалар бўйича ваколатхонаси шифохонага қилинган ҳужумдан “ларзага тушганини” билдирди.
2023 йил апрел ўрталаридан буён жанг ҳаракатларининг янги босқичи туфайли Судан энг даҳшатли ҳуманитар фалокатлардан бирини бошдан кечирмоқда. Куз фаслида Ал-Фашер шаҳри (Шимолий Дарфур вилояти) исёнчи Тезкор ҳаракат кучлари томонидан эгалланганидан кейин тинч аҳолига қарши оммавий қотилликлар ва шафқатсизликлар содир этилган ҳудудга айланди.
Можаронинг кескинлашуви RSF ва Суданнинг мунтазам армияси — SAF RSF бўлинмаларини қуролли кучлар таркибига қўшиш шартлари борасида келиша олмаганидан кейин бошланган.
Ҳуманитар ташкилотлар ва БМТ маълумотларига кўра, можаро қурбонлари сони 140 минг нафардан ошган. Суданнинг 51 миллионлик аҳолисининг тахминан ярми хорижий ҳуманитар ёрдамга муҳтож.
ЖССТ маълумотига кўра, 2023 йилдан бери Суданда тиббиёт муассасаларига қилинган 213 та ҳужум натижасида 2036 киши ҳалок бўлган.
Мавзуга оид
10:39 / 17.03.2026
Тиббий ва шифохона хизматлари бозорида ўсиш кузатилди
12:06 / 10.02.2026
Британия билан “ақлли шифохона” лойиҳаси муҳокама қилинди
19:22 / 07.01.2026
Тошкентдаги онкология шифохоналари ўрнида яшил боғ ва креатив парк ташкил этилади
12:04 / 30.12.2025