Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда АЭС қурилишининг бетон қуйиш босқичига ўтилди
“Ўзатом” ва “Росатом” раҳбарлари Ўзбекистонда биринчи АЭСни қуриш бўйича яна иккита ҳужжатни имзолади. Фориш туманидаги қурилиш майдончасида ядровий энергоблок учун бетон қуйиш ишлари бошланди. “Ҳал қилувчи қадамни қўйдик”, деди Азим Аҳмадхўжаев. Маълум бўлишича, танланган майдонда АЭС қуриш учун регулятор рухсати ҳам олинган.
Фото: "Ўзатом" матбуот хизмати
Бугун, 24 март куни Жиззах вилояти Фориш туманидаги бўлажак атом электр станцияси қурилиш майдончасида дастлабки бетон ишларига расман старт берилди. Шу куни Россия томони билан лойиҳа юзасидан янги ҳужжатлар ҳам имзоланди.
Ҳужжатлар имзоланди
“Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида атом ва унга ёндош соҳалардаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Ўзбекистонда интеграциялашган АЭСни қуриш бўйича шартномага доир келишув имзоланди.
Ҳужжатни Тошкентдаги тадбирда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзолади.
“Йўл харитаси” АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, атом энергетикасининг жамоатчилик томонидан қабул қилинишини таъминлаш, бўлажак атомчилар шаҳарчаси инфратузилмасини яратиш ва соҳани комплекс ривожлантиришни ўз ичига олади.
Станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга доир битим эса 3+ авлодига мансуб ВВЭР-1000 реакторларига эга иккита энергоблок ҳамда РИТМ-200Н реакторларига эга иккита энергоблок (ҳар бири 55 МВт) барпо этишни назарда тутади.
Станция тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига қарийб 15,4 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради – бу Ўзбекистондаги умумий электр энергияси истеъмолининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этади, дейилади расмий баёнотда.
Биринчи бетон қуйилди
24 март куни Фориш туманидаги қурилиш майдончасида РИТМ-200Н реакторига эга кам қувватли атом электр станцияси энергоблокини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишларини бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Маросим Ўзбекистонда АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов ва “Атомстроэкспорт” АЖ вице-президенти – Ўзбекистонда АEС қурилиши лойиҳаси директори (“Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик дивизиони) Павел Безруков иштирокида ўтди.
Ҳозирги вақтда реактор биноси остига бетон асос тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқични 2026 йил апрел ойида якунлаш режалаштирилган. Жами 900 м³ га яқин бетон қоришмаси ётқизилади. Ишлар якунида реактор биноси пойдевори учун гидроизоляция ва ерга улаш тизимига эга асос тайёрланади.
Регулятор рухсат берган

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси РИТМ-200Н реактор қурилмаларига эга иккита АЭС энергоблогини жойлаштириш майдонидан фойдаланиш учун “АЭС қурилиши дирекцияси” давлат корхонасига рухсатнома берган.
“Экспертиза фаол тектоник ёриқлар, юқори сейсмиклик зоналари ёки жадал карст ҳосил бўлиш ҳудудлари каби АЭСнинг реактор қурилмаларига эга иккита энергоблогини жойлаштиришни тақиқловчи омиллар мавжуд эмаслигини тасдиқлади. Ижобий хулоса танланган майдончанинг ядровий ва радиациявий хавфсизлик талабларига, экологик меъёрлар ҳамда техник стандартларга тўлиқ мос келишини намоён этади. Ушбу ҳужжат майдончадан фойдаланиш учун асосий ҳужжат бўлиб, ҳар қандай АЭСнинг ҳаётий циклидаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади”, – дейилади “Ўзатом” ахборотида.
“Ҳал қилувчи қадамни қўйдик” – Азим Аҳмадхўжаев

“Бугун Ўзбекистон келажаги учун яна бир муҳим кун – биз замонавий атом энергиясини яратиш бўйича миллий дастурни амалга оширишда ҳал қилувчи қадам қўйдик. Жиззах вилояти Фориш туманидаги қурилиш майдонида РИТМ-200Н реактори ўрнатилган кичик қувватли энергоблокни барпо этиш бўйича биринчи бетон ишлари тантанали равишда бошланди.
Ушбу лойиҳа, мамлакат энергия мустақиллиги ва барқарор ўсишининг асосий йўналиши сифатида атом саноатини ривожлантиришни шахсан қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий назоратлари остида амалга оширилмоқда. Жадвал ва энг юқори хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда, биз босқичма-босқич олдинга кетяпмиз: бу ишлар ўз ичига бетон тайёргарлигидан, реактор биносини қуришгача, ускуналарни ўрнатишдан токи энергия блокларини ишга туширишгача бўлган ишларни ўз ичига олади”, – деди “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев журналистларга берган изоҳида.



Мавзуга оид
17:34
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди
21:04 / 13.03.2026
ХАЭА вакиллари АЭС қурилиши жараёнини ўрганиш учун Ўзбекистонга келади
18:49 / 07.03.2026
АЭС қуриладиган ҳудудларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари тасдиқланди
15:23 / 24.02.2026