Бугун, 24 март куни Жиззах вилояти Фориш туманидаги бўлажак атом электр станцияси қурилиш майдончасида дастлабки бетон ишларига расман старт берилди. Шу куни Россия томони билан лойиҳа юзасидан янги ҳужжатлар ҳам имзоланди.

Ҳужжатлар имзоланди

“Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида атом ва унга ёндош соҳалардаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Ўзбекистонда интеграциялашган АЭСни қуриш бўйича шартномага доир келишув имзоланди.

Ҳужжатни Тошкентдаги тадбирда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзолади.

Алексей Лихачёв ва Азим Аҳмадхўжаев

“Йўл харитаси” АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, атом энергетикасининг жамоатчилик томонидан қабул қилинишини таъминлаш, бўлажак атомчилар шаҳарчаси инфратузилмасини яратиш ва соҳани комплекс ривожлантиришни ўз ичига олади.

Станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга доир битим эса 3+ авлодига мансуб ВВЭР-1000 реакторларига эга иккита энергоблок ҳамда РИТМ-200Н реакторларига эга иккита энергоблок (ҳар бири 55 МВт) барпо этишни назарда тутади.

Станция тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига қарийб 15,4 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради – бу Ўзбекистондаги умумий электр энергияси истеъмолининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этади, дейилади расмий баёнотда.

Биринчи бетон қуйилди

24 март куни Фориш туманидаги қурилиш майдончасида РИТМ-200Н реакторига эга кам қувватли атом электр станцияси энергоблокини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишларини бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Павел Безруков ва Абдижамил Калмуратов

Маросим Ўзбекистонда АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов ва “Атомстройэкспорт” АЖ вице-президенти – Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси директори (“Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик дивизиони) Павел Безруков иштирокида ўтди.