Жаҳон | 21:03 / 24.03.2026
3180
2 дақиқада ўқилади

Конфет қоғози россиялик аёлнинг қотилини аниқлашга ёрдам берди

Россиянинг Хабаровск ўлкасида 61 ёшли аёлнинг шафқатсизларча ўлдирилиши орадан 13 йил ўтиб, конфетнинг қоғоз ўрами туфайли фош бўлди. Қотилликда ўзбекистонлик эркак гумон қилинмоқда, у қидирувга берилди.

Фото: Россия тергов қўмитаси

Россия Тергов қўмитасининг (СК) минтақавий бошқармаси маълумотларига кўра, 2012 йил ноябрь ойида Тополево қишлоғидаги хусусий уйда кекса аёлнинг жасади топилган. Унинг танасида кўплаб жароҳатлар бор эди. У қишда ҳеч ким яшамаётган уйини текшириш ва иситиш учун борган.

Жиноят жойида терговчилар жабрланувчининг қўллари боғланган скотч ва конфет қоғозини топди, аммо бу далиллар айбдорни аниқлашга ёрдам бермади. Орадан йиллар ўтиб, жиноятчи томонидан қоғоз ўрамда қолдирилган биологик материал бўйича қайта генотипоскопик экспертиза ўтказилди. Унинг натижалари, шунингдек, кўплаб гувоҳларни сўроқ қилиниши жиноятчининг шахсини аниқлашга ёрдам берди.

У аёлнинг уйида таъмирлаш ишларини олиб борган 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқди. Тахминларга кўра, эркак таъмирлаш ишлари тугаганидан сўнг, аёлнинг уйида яширинча яшаган. Тўсатдан келган уй бекаси уни қўрқитиб юборган ва у ундан қутулишга қарор қилган. Эркак илгари ҳам босқинчилик ҳужуми учун судланган.

Россия суди уни сиртдан 13 йилга озодликдан маҳрум қилди. У халқаро қидирувга берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид