Жаҳон | 12:23
765
3 дақиқада ўқилади

Литва Беларусдан дрон учиб келганини маълум қилди

Литванинг Беларус билан чегараси яқинидаги қишлоқ атрофига, дастлабки тахминларга кўра, учувчисиз учиш аппарати қулаган, маҳаллий аҳоли портлаш овозини эшитган. Ҳодиса жойига қутқарувчилар ва ҳарбийлар чақирилган. Литва бош вазири миллий хавфсизлик комиссияси йиғилишини чақирди.

Фото: Lisa Louis/DW

Литванинг Варена туманида, Беларус билан чегара яқинида, номаълум объект қулади. Бу ҳақда 23 март, душанба куни мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар қилди. Литва қуролли кучлари вакилининг сўзларига кўра, “энг эҳтимолий тахмин” шуки, бу Беларус томонидан учиб келган дрон бўлган.

Объект Беларус билан чегарадан тахминан 30 км узоқликда жойлашган Лависос қишлоғи яқинига қулаган. Литва миллий радио ва телевидениеси (LRT) гаплашган маҳаллий аҳоли вакиллари тунги соат учлар атрофида “объектнинг қаттиқ ғувуллашини, сўнг кучли портлашни” эшитганини айтди.

LRT мухбирининг хабар беришича, ҳодиса жойида дрон парчалари ётибди. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Литва ҳукумати раҳбари Инга Ругинене номаълум объект учиб келгани муносабати билан миллий хавфсизлик комиссияси йиғилишини чақирди. Йиғилиш 24 март эрталабга белгиланган.

“Ҳодиса жойида полиция, ёнғин хавфсизлиги ва қутқарув департаменти иш олиб бормоқда, у ерга Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёти ва бошқа кучлар йўналтирилмоқда — ‘Қалқон’ режаси фаоллаштирилди”, — деб ёзди Ругинене Facebook саҳифасида.

Литва бундан аввал ҳам Беларус томонидан учиб келган дронлар ва метеошарлар ҳақида бир неча бор хабар берган эди. 2025 йил октябрида шу сабабли Вилнюс аэропорти ишини вақтинча тўхтатган. Декабр ойида эса ҳукумат Беларусдан контрабанда билан оммавий ҳаво шарлари учирилиши давом этаётгани сабабли бутун мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат режими эълон қилган эди.

2025 йил август ойида НАТО аъзоси бўлган Литва Беларус ҳудуди томонидан дронлар кириб келишига жавобан чегара бўйлаб 90 километрли парвозлар тақиқланган ҳудуд ташкил этганини эълон қилган. Вилнюс Беларус чегарасидан тахминан 30 км узоқликда жойлашган, умумий чегара узунлиги эса 679 кмни ташкил қилади. Вилнюс аэропорти Болтиқбўйи мамлакатлари ичида йўловчи оқими бўйича иккинчи ўринда, биринчи ўринда эса Рига аэропорти туради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид