Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина 15 000 та тутиб олувчи дрон буюртма қилди
Украина Германиянинг Quantum Systems компаниясидан 15 000 та тутиб олувчи дрон буюртма қилди. Бу буюртма компаниянинг Украинадаги WIY Drones дрон ишлаб чиқарувчисига сармоя киритганидан кейин амалга оширилди.
Фото: Efrem Lukatsky/AP
Учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган Германиянинг Quantum Systems компанияси Украина Миллий гвардияси учун 15 000 та тутиб олувчи дрон етказиб бериш бўйича буюртма олди. Бу ҳақда 23 март, душанба куни Баварияда жойлашган компаниянинг пресс-релизида маълум қилинди.
Буюртма Quantum Systems’нинг Украинадаги WIY Drones ишлаб чиқарувчисига сармоя киритиши ортидан амалга оширилган.
“Юқори тезликдаги ҳаво нишонларини тутиб қолиш учун махсус ишлаб чиқилган STRILA тутиб олувчи дрони ишлаб чиқариши ҳар икки компаниянинг ҳамкорлиги туфайли кенгайтирилади”, — дейилади пресс-релизда.
Компания таъкидлашича, ишлаб чиқариш биринчи навбатда Украинада кенгайтирилади, бу эса “шошилинч эҳтиёжларни қондириш”га қаратилган.
Quantum Systems’нинг бош директорларидан бири Свен Крук Украина мутахассислари “дунёдаги энг самарали дронларга қарши технологиялардан айримларини ишлаб чиққанини” таъкидлади. Унинг айтишича, компания ушбу технологияларни саноат миқёсида жорий этмоқда ва Украина ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Ишлаб чиқарувчи STRILA дрони ҳақида қўшимча маълумотларни “яқин вақтда” эълон қилишини билдирди.
13 феврал куни Украина президенти Володимир Зеленский ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус Quantum Systems ва Украинанинг Frontline Robotics компанияси ҳамкорлигидаги Quantum Frontline Industries лойиҳаси доирасида дронлар қўшма ишлаб чиқарилишини бошлаб берган.
Корхона 2026 йил охиригача Украина Қуролли кучларига камида 10 000 та дрон етказиб беришни режалаштирган.
“Шу йўл билан биз Украинага курашида ёрдам берамиз”, — деди Писториус. “Аммо бу биз учун ҳам фойдали”, — дея қўшимча қилди у.
Хавфсизлик сабабли корхона жойлашуви ошкор этилмаган.
20 феврал куни Германия, Франция, Польша, Буюк Британия ва Италиядан иборат беш давлат (E5 гуруҳи) арзон ҳаво мудофаа тизимлари ва автоном дронлар ишлаб чиқариш бўйича янги дастурни бошлаганини эълон қилди.
LEAP (Low-Cost Effectors and Autonomous Platforms) деб номланган ушбу ташаббус Европа ҳаво ҳудудига таҳдидларни самарали ва арзон усулда бартараф этишга қаратилган.
Бунгача арзон дронларни тутиб қолиш учун миллионлаб долларлик қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилар эди. Янги дастур эса арзон “кинетик ёки электрон эффекторлар” (сунъий интеллектга асосланган қурилмалар) орқали таҳдидларни анча арзон нархда йўқ қилишни мақсад қилган.