Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Россиянинг учта ҳудудидаги нефт объектларига ҳужум қилди
Фото: Exilenova+
Украина дронлари 31 майга ўтар кечаси Россиянинг яна бир неча регионларига ҳужум уюштирди. РФ мудофаа вазирлиги мамлакатнинг 10 та региони, шунингдек, аннексия қилинган Қрим ҳамда Қора денгиз акваторияси узра украинларнинг 216 та дрони тўхтатилгани ва йўқ қилингани ҳақида хабар берган.
Саратов области губернатори Роман Бусаргин дронлар ҳужуми оқибатида фуқаролик инфратузилмаси объектлари шикастланганини маълум қилган. У бошқа тафсилотларни келтирмаган. Украинадаги Exilenova+ телеграм-канали Саратов нефтни қайта ишлаш заводи ёнаётгани акс этган видеони эълон қилган.
Ростов области губернатори Юрий Слюсар эса Матвеево-Курган районида дрон парчалари тушиши оқибатида хусусий корхонанинг ёқилғи омбори ёниб кетгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар йўқ. Атрофдаги уйлар аҳолиси «хавфсизликни таъминлаш мақсадида» эвакуация қилинган. Матвеево-Курган посёлкасида дорихона, иккита дўкон, автомобил ва газ қувури шикастланган, ҳудудда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.
Дина Алборова / Администрация Матвеево-Курганского района
Дина Алборова / Матвеево-Курган райони маъмурияти
Киров области Уржумский районида ҳам дронлар ҳужуми оқибатида корхоналардан бирида ёнғин чиққани. Украинадаги мониторинг каналлар тасдиқлашича, гап «Лазарево» ишлаб чиқариш диспетчерлик станцияси ҳақида кетмоқда. Украина қуролли кучлари уни Россия нефти Болтиқбўйидаги Приморск ва Уст-Луга портлари ҳамда Беларусга ташишладиган «Сургут-Полоцк» нефт қувуридаги асосий нуқта деб атаган.
Exilenova+
Украина қуролли кучлари бош штаби ўз ҳисоботида дронлар орқали Саратов нефтни қайта ишлаш заводи, «Лазарево» станцияси ҳамда Ростов областидаги ёнилғи-мойлаш материаллари омборига зарба берилганини маълум қилган.